ТОШКЕНТ КУРАНТЛАРИ – Тошкентнинг биринчи куранти 2-жаҳон урушида қозонилган ғалаба шарафига шаҳар марказида қурилган (1947, меъмори А.Муҳамедшин; безагида Уста Ширин қатнашган). Минора тепасидаги занг урадиган соат механизмини Белоруссия фронтида жанг қилган тошкентлик соатсоз уста А.А.Айзенштейн Шарқий Пруссиянинг Алленштейн (ҳозирги Польшанинг Ольштино) шаҳридан эсдалик сифатида келтирган. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ижроия комитетининг қарорига мувофиқ, А.Айзенштейн, В.Солиҳов, Л.Маликов, А.Хицан, Г.Стрельцовдан иборат соатсозлар бригадаси ана шу механизмни 4 циферблатли қилиб Тошкент куранти минорасига ўрнатган. Миноранинг баландлиги 28,7 м, ўлчови 4,1х4,1 м. Зилзила (1966) натижасида соат бузилган, зудлик билан таъмирланиб, ишга туширилган. Курант 1991, 1992 ва 2009 йилларда қайта таъмирланган.
2009 йил майда «Ўзбекистон» анжуманлар саройи ва Тошкент куранти оралиғида янги курант қурилди. Ушбу курант соати Швейцариядан олиб келинган.
Тошкент курантлари шаҳар меъморий ансамблининг Амир Темур хиёбонидаги таркибий қисмидир. Тошкент курантлари қурилишида миллий меъморлик ва амалий безак санъати анъаналари қўлланган. Fозғон мармари билан қопланган ва бронзадан ишланган металл қисмлари ўзаро уйғунлашган. 2009 йилда ҳар иккала курантнинг олд қисмида Тошкент герби тасвири ўрнатилган. Тошкент курантлари ҳар чорак, ярим ва бир соатда занг уриб туради. «Тошшаҳарнур» ДУК тасарруфида.