Хонободтепа

  • 19 Ноябрь, 2015
  •   2
  • 0
  • 8876

Қадимий шаҳар харобаси (6–13-асрларнинг боши, 16–17-асрлар). Тошкент жанубида, Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилида, дарёдан 0,5 км нарида. Шаҳар харобасига оид дастлабки маълумотлар (тафсилоти, топилмалар, ривоятлар) 19-аср охири – 20-аср бошида Д.М. Граменицкий, И.Т. Пославский асарларида келтирилган. Ўтган асрнинг 30–60-йилларида М.Е. Массон, В.М. Массон, Ю.Ф. Буряковлар томонидан шаҳар харобаси ўрганилган. 1971–75-йилларда Хонободтепада Тошкент археология экспедицияси (В.А. Булатова, Л.Г. Брусенко, Л.Л. Ртвеладзе, Э.В. Ртвеладзе, М.И. Филанович) археологик қазишмалар ўтказган. Шаҳар харобасининг тарҳи квадрат (530х500 м) кўринишда, майдони тахминан 30 гектар. Шарқий бурчагида арк жойлашган, у шаҳристондан кенг хандақ билан ажратилган. Шаҳристон ва арк ҳудудининг бир қисми ўрнида ҳозирги Хонободтепа қабристони жойлашган. 6-асрда бу ерда кичикроқ истеҳкомсиз қишлоқ бўлган. 7-аср 1-ярмида Чирчиқ дарёси тошиши натижасида аҳоли уни ташлаб кетган. 7-аср ўрталарида бу жойда яна одамлар яшай бошлаган, шаҳар пахса ва хом ғиштдан ишланган, ички йўлак ва минорали тўртбурчак мустаҳкам девор билан ўраб олинган, девор ичкарисига муҳташам бинолар, уй-жойлар қурилган, уларнинг орасида ҳовузлар, жамоат майдонлари, бозорлар жойлашган. 8-аср 1-ярмида арк ва шаҳристоннинг бир қисми бузилиб кетган, деворларининг айрим жойларида ёнғин излари қолган. 9–12-асрларда Хонободтепа ҳудудида ҳаёт қайта тикланиб, аста-секин обод бўла бошлаган, лекин бу аввалгисидан сустроқ юз берган. 13-аср бошида мўғуллар томонидан вайрон қилинган.

15–16-асрларда узоқ вақт вайроналикдан кейин шаҳристоннинг бир қисми ва аркда яна аҳоли яшай бошлаган. Арк тарҳи тўртбурак (104х80 м) шаклдаги бино бўлиб, атрофи мустаҳкам девор билан ўралган. Девор ичкариси бўйлаб энсиз тўртбурчак уйлар қурилиб, уларнинг бир томони арк деворига тақалган, қарама-қарши томони эса катта тўртбурчак ҳовлига қараган. Шаҳристонда қалъа жануби-шарқий деворининг бир қисми ва бир неча хоналар қолдиғи топилди. Деворларнинг икки даврда қурилганлиги маълум бўлди. Дастлабки пахса девор 7-аср 2-ярмига мансуб бўлиб, эни таг қисмида 7 м гача, тепасида 3 м дан зиёд бўлган. Кейинчалик пахса устига хом ғиштдан девор кўтарилиб, ички томонига пештоқли йўлаклар, ўқ отиш учун нишон туйнуклар ишланган. 8-аср 2-ярмида девор ёнида остодонлар некрополи пайдо бўлган. Шаҳар харобасидан 8-аср 1-ярмига мансуб тангалар, улар орасида Чоч ҳокими Тарнавчанинг йиртқич ҳайвон тасвири туширилган тангаси, Усрушона ҳокими Сатачарий II, Сўғдиёна ихшиди Тургар (738–750), турк ҳокими Элтегин тангалари, Аббосийларнинг Балхда ясалган фельси, Дайфурту давлати ва Кабарна ҳокими Кавираднанинг тангалари, шунингдек, қопқоғида қуш боши ва соқолли одам юзи тасвирланган ўймакор нақшли остадонлар, буқа бошли сирланган қадаҳ, одам тасвири туширилган сопол ёрлиқ (булла), 6–12-асрларга оид сирланган ва сирсиз сопол идишлар ҳам топилган.


Манба: WWW.ZIYONET.UZ