Сайид Ниёз Шоликорбойнинг невараси Пошша она бобоси тўғрисида акаси (дадаси) Худайберган отанинг сўзлаб берганларини шундай эслайди: “Бобомиз Сайид Ниёз Шоликорни шоли оқловчи (дапмачи) деб атаганлар. Унинг отаси бой савдогар бўлиб вафот қилганидан кейин бутун бойлиги Сайид Ниёзга қолади. У ўз ишхонасини янада кенгайтиради. Кунлардан бир куни Сайид Ниёз бухоролик савдогар дўсти Эшматбой билан туяларга турли юкларни ортиб савдо иши билан Эронга кетади. Иши ўнгидан келиб олиб борган молларни тез фурсатда сотадилар ва у ерда дўст орттириб, бирор ойлар қолиб кетадилар. Бор пулларини дўстлар билан еб-ичиб ўйнаб тамом қилиб қўядилар. Чунки у қўли очиқ, сахий киши бўлганлиги сабабли дўстлар даврисидан воз кеча олмас эди.
Уйга қайтар вақт яқинлашганда дўсти Эшматбой:-“ Энди нима қиламиз бу ёғи қандай бўлади? –деганда Сайид Ниёз: ҳозироқ бозорга бориб ёнимизда қолган сармоя (пул) мизга яраша юк олиб туяларга юклаб юртга кетамиз, - дебди. Бозорга боришгач яхши молларни сотиб олишга пуллари етмабди. Шу сабабли бозорни айланиб-айланиб бир бурчакда ўзи ёш бўлса-да, кекса чоллардай букчайган соқол-мўйловлари ўсиб кетган жулдур кийим кийган сақич сотиб ўтирган бир йигит олдидан чиқиб қоладилар. Бизларни қолган пулимизга мум сақичдан бошқа бирор нарса олиб бўлмайди, олдимизда (ийд) байрам кунлари яқин қолди. Савдоси ҳам яхши бўлади, деб йигитдан ҳамма мум сақич (оқ сақич)ларни сотиб олдилар. Севинганларидан савдодан ортиб қолган бир оз пулларини ҳам йигитга ҳадя қилиб, юкни туяларига юклаб Эшматбой Бухорога, Сайид Ниёз эса Хивага келишибди.
Хивада Сайид Ниёз бир бўлак сақични майдалабди. Не кўз билан кўрсаки, сақич ичидан тилло пуллар, марварид ва жавоҳирлар чиқибди. Сайид Ниёз ҳар эҳтимолга қарши деб бойликнинг ярмини маълум жойга беркитиб хотинига агарда мен қайтиб келмасам шу хазина етти авлодимизга етади деб қолганини белига туйиб хон олдига кетади. Ижозат олиб қабулига киради. Агар фармони олий бўлса ҳалол пулдан масжид қурдиришга рухсат берсангиз, - дейди. Сайид Ниёз Шоликор олиб келган бойликларни хон олдига қўйиб, бўлган воқеани баён қилади. Хон чуқур ўйга толади. Масжид қуриш учун рухсат, лекин эгасига ҳам ўз улушини юбор, - деган.
Шундай қилиб Полвон дарвозанинг шарқий томонида масжид қурилиши бошлаб юборилибди. Бу масжид қурилишда фақат битта уста ишлаб қолган ишларни болалар қилган, деган гаплар бор халқ орасида. Ҳар бир болага битта олиб келган ғишти учун битта ёнғоқ берилган. Ҳар куни кўпроқ ёнғоқ олиш учун болалар югуриб–елиб масжид қурилишини тезлаштирганлар. Масжид қурилиб номозхонлар намоз ўқий бошлаганлар. Ийд байрами куни хон яқинлари билан ийд намозини ўқиш учун Ичан қалъадан ташқаридаги намозгоҳга бораётиб масжид олдида таъзим қилиб турган Сайид Ниёз Шоликорга «Мадраса муборак» деб ўтиб кетибди. Сайид Ниёз, «хон нима учун бундай дедилар» деб тааъжжубда қолади. Сўнгра хонни айтган сўзи ҳавода қолмасин деб масжиднинг шарқ тамонида мадраса қурилишини бошлаб юборади”.
Масжиднинг уч томонида учта эшик бўлиб масжидга шимол томондаги асосий эшикдан айвон орқали кирилади. Айвонда учта устун бор. Уларда ёғоч ўймакорлигининг энг яхши анъаналари акс эттирилган. Айвон деворларига ганч ўйма усулида фигурали паннолар ишланган. Минораси шаҳарнинг ҳамма еридан кўриниб туради. Миноранинг юқорисига чиқиш учун ичида айланма зинаси бор. У жуда ихчам ва безакларга бой. Тепасига карниз шарафасининг остига мезана ишланган. Мадраса икки қаватли бўлиб, биринчи қаватида бешта ҳужра бор. Иккинчи қаватида олтита ҳужра бўлиб шимол томонга қараган, битта айвон бор.
Масжиднинг қурилиши Хива хони Оллоқулихон даврига тўғри келади. Масжид қурилишида меъмор олдига қўйиладиган талаблар қуйидагилардан иборат эди:- кўп одам сиғадиган усти ёпиқ жой, ҳовлининг ички тарафида мусулмонлар салқинланса бўладиган майдончалар. Сайид Шоликорбой масжиди мажмуасида ҳам худди шундай. Бино тўққиз гумбазли, тўрт томонли масжид, икки қаватли мадраса, минора ва иккита ҳовлидан иборат. Шимолий-шарқий томонда эса икки қаватли мадраса қурилган. Бу мадраса ва кириш қисмидаги ҳовлида минора жойлашган.
Баландлиги 24 м, асосини диаметри 4.5 метр бўлиб, пишиқ ғиштдан қурилган. Ҳозирги вақтда минора озгина қийшайган бўлиб, олимлар томонидан бунинг асоратларини йўқотиш ишлари давом қилмоқда.