Мақбара “Ичан-Қалъа” архитектура ёдгорликлари ичида энг қадимийларидан биридир. Мақбара битта зиёратхона ва гўрхонадан иборат. Асрлар давомида атрофида қабрлар кўпайиб кетганлиги учун мақбара ер сатҳидан паст қолиб кетган. Археологик текширишлар натижасида ёдгорликларни аввалги кўриниши ва тарихига оид кўпгина маълумотлар тўпланган. Ўтмишда яшаган тарихчи Аҳмад Розий, Хоразмлик машҳур шайхлар рўйхатига Сайид Оловуддинни ҳам киритиб уни Шайх Нажмиддин Кубродан кейин йирик шайх бўлган дейдилар. Бу сўзларни хазрат Жомий ва Навоий асарларида ҳам ўқиса бўлади.
Хоразмлик Сафарзода Бобожон ўғлининг Хоразм авлиёлари ҳақидаги қўлёзмасида шундай дейилади, “Бу киши XIII асрда туғилган Хоразм ўзбекларидандур. У йигитлик чоғида мактаб, мадрасани тугатиб, мактабдорлик қилган ва масжидларнинг мактабхонасида болаларни ўқитадурган мулла бўлган Паҳлавон Маҳмудни ҳам мактабда ўқитган устози саналади”. Мақбаранинг гўрхонасида муқаддас ҳисобланган ажойиб сиркор даҳма жойлашган, даҳма жуда чиройли яшил кўк ва оқ рангли кошинлар билан қопланган. Бу кошинлардаги барча нақш гуллари бўртмалиги билан одатдан ташқари бир гўзаллик кашф этади. Бундай кошинлар Хивада ягона бўлиб, унинг тенгдоши ва ўхшаши Кўҳна Урганчда Шайх Нажмиддин Кубро, Самарқанддаги Шоҳи Зиндадаги Қусам ибн Аббос қабрида учрайди. Мақбарани шайх Сайид Оловуддиннинг шогирди ва муриди нақшбандия мазҳабининг таниқли намояндаси сўфи Амир Кулол (1380 йилда вафот этган ва Шаҳрисбзда Амир Темур томонидан дафн қилинган) қурдирган.
Мақбара тузилиши бир оз беўхшов. Ундаги йирик косали бурчак муқарнаси, дўпписимон, саккиз раҳли гумбаз ниҳоятда содда кўринишга эга. Лекин мақбара ана шу беқиёс даҳма туфайли машҳур бўлиб кетди. Соддагина мақбара билан ранг-баранг безатилган ҳашаматли даҳма ўртасидаги тафовутнинг катталигидан, даҳма бошқа жойдан келтирилгандек туюлади.
Даҳма шакли монументал бинога ўхшатиб ясалган. Асоси-зинали супа шаклида ясалган, бурчакларига устунчалар қилинган, даҳманинг юзаси сиркор сопол билан қопланган. Даҳма деворлари орнаментли пўта билан ҳошияланган бўлиб, ўртасида эса паннолар жойлашган. Даҳма устида иккита сағанача бор. Майда ўсимликсимон гуллар жуда ҳаққоний тасвир этилган бўлиб, шакли ўша давр уй-рўзғор асбобларидаги безакларга ўхшаб кетади. Даҳма кошинларида ишлатилган гуллар, йирик шакл ичида майда чизиқчалар ҳаммаси бирликда шинам ва жозибали кўриниш касб этади. Ранг-баранг жимжима орнаментлар фонида сағаначаларнинг кичик юзларидаги оппоқ ёзувлар ажралиб туради.
Шайх 1303 йил 18 март куни вафот этган. Машҳур шайхларнинг қабрлари устидаги мақбаралар давр ўтиши билан зиёратгоҳга айланиб қолган. Хива хони Оллоқулихон (1825-1842) унга эътиқод боғлаб, ўз даврида унинг мақбараси устида олий иморатлар бино қилиб анчагина вақф ери ажратган. 1825 йилда мақбара бутунлай таъмирланиб, зиёратхонанинг нураган пештоқининг равоқли қанотини бир оз қисқартириб қайтадан ишланган. Ичкаридаги токчалар беркитилган, хона саҳнига ғишт терилиб деворлар эса ганч сувоқ қилинган. Деворда туш билан ёзилган 14 мисра шеър бор бўлиб, ундаги ёзувлардан маълум бўлишича, бино таъмири Оллоқулихоннинг фармони билан Хуббиқулихўжа ўғли Ҳамидхўжа бошчилигида бажарилган экан.
1957 йилда И.Ноткин ва В.Булатова томонидан илмий жиҳатдан ўрганилган. Хива шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи арафасида мақбарада таъмирлаш ишлари ўтказилди.