Қизлартепа

  • 16 Октябрь, 2015
  •   0
  • 0
  • 14297

Қизлартепа ёдгорлиги Жиззах автошоҳбекатининг шимолий-ғарбида, Сўлоқли маҳалласининг шарқий қисмида, Қалиятепа ёдгорлигидан тахминан 350-400 м. жанубда жойлашган. Қизлартепанинг ташқи кўриниши трапеция шаклида бўлиб, қўшимча қурилишларсиз ягона тепаликдан иборат. Унинг шимолий томони 95 м.га, жануб томони 80 м.га, шарқ томони 60 м.га, ғарб томони 72,0 м.га (1.2 га.) тенг, баландлиги 12 м. бўлиб яхши сақланган. Қизлартепа ёдгорлигининг шарқий қисми темир йўл қурилиши даврида бузилган. Унинг тупроғи турли мақсадлар учун ишлатилгани боис, иншоотга катта зиён етказилган. Қазув ишлари давомида 14 та хона ўрни аниқланиб, уларнинг аксарияти тўлиқ очиб ўрганилди. Тадқиқот ишлари ҳали охирига етмаган бўлса-да, бироқ айрим асосли хулосаларни бериш мумкин.

Археологик тадқиқотлар хоналарнинг функциялари, меъморчилигининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш имконини берди. Ҳар бир хонадан топилган топилмалар, мазкур хонадан қандай мақсадда фойдаланилганидан дарак беради. Масалан, биринчи очиб ўрганилган хона, турар-жой ёдгорликнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган. Хона тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, деворлари пахсадан кўтарилган, қалинлиги 0,80 см., баландлиги 0.60 см. Хонада 2 та ўчоқ қолдиғи аниқланган бўлиб, ўчоқлар айлана шаклида, пастки оловхона қисми юқори қисмига қараганда кенгроқ. Ўшанда ўчоқдан икки хил мақсадда: таом тайёрлаш ва хоналарни иситиш учун фойдаланилган. Ўчоқларнинг атрофидан уй-рўзғор буюмлари топилмагани учун ушбу ўчоқлардан хоналарни иситиш мақсадида ҳам фойдаланилган, деган хулосага келдик. Шу тариқа ҳар бир хонанинг “функция”сини имкон даражасида аниқлаш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фақатгина кулоллик идишларининг турларига асосланиб хоналарнинг “функцияси”ни аниқлаш бир оз мушкул.

Шунингдек, қазув ишлари давомида мис танга ҳамда кулоллик чархида ясалган сирланган ва сирланмаган сопол идишларнинг борлиги қайд этилди. Ушбу топилмалар Қизлартепа юқори қурилиш даври хронологиясини аниқлаш имконини беради. Маълумки, кулоллик идишлари илмий тад­қиқот жараёнида энг кўп, оммавий тарзда учрайдиган ашёвий манбалардан бири бўлиб, меъморий комплекснинг тарихий даврини аниқлашда муҳим манба ҳисобланади. Турар-жой комплексидан топилган сополлар асосан икки гуруҳга бўлинади. Сирланган сопол идишларга: коса, товоқ, това, пиёла, сирланмаган сопол идишларга: хум, хумча, кўзача, қозон, катта ҳажмли кўза кабиларни киритиш мумкин. Мазкур сопол идишлар комплекси, аввало, Уструшонанинг марказий қисмидаги Шаҳристон, Култепа, шунингдек, Самарқанд Суғди, Бухоро Суғди, Чоч ва Фарғонанинг X-XII асрларга оид кулоллик идишлари билан яқин муқоясавий ўхшашликка эга.

Бундан қуйидаги хулосалар келиб чиқади: Қизлартепа ёдгорлигида очилган хоналарнинг муайян хусусиятлари бўйича турар-жойлар ўзига тўқ хонадонга тегишли бўлган. Тангалар эса Қорахонийлар даврига оид бўлиб, бу вақтда Қизлартепада савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланганлигини англатади. Кулоллик идишларининг сифати, тайёрланиш технологияси ҳунар­манд­чилик юксак даражада тараққий этганлигини билдиради. Қизлартепа ёдгорлигининг юқори қурилиш даври муқоясавий таҳлилларга кўра XI-XII асрлар билан даврланади. Бу эса Жиззах воҳасининг ривожланган ўрта асрларда бутун Мовароуннаҳрнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий тараққиётидан бебаҳра қолмаганидан далолат бериб, тарихчи олимларни янгидан янги изланишларга чорламоқда.


Манба: www.milliytiklanish.uz