Мис ўймакорлиги

  • 24 Июль, 2015
  •   0
  • 0
  • 13441

Хоразм амалий санъатининг энг кенг таркалган турларидан бири мисга нақш уйиш касбидир. Мис ўймакорлиги – металлдан ясалган бадиий буюмларга ўйиб ёки бўртиқ қилиб нақш ишлаш тушунилади. Мис ўймакорлигида етук усталар Хива, Хонқа, Урганч, Хазорасп туманларида ижод қилиб, Хоразмда мис ўймакорлик мактабини бунёд қилишган.

Хоразмнинг XIX аср охири ХХ аср бошларидаги мис ўймакорлик буюмлари кўп жиҳатдан ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолганки, улар бошқа вилоятлардаги буюмлардан фарқ қилади. Хоразмда қўл ювдириш учун қўлланиладиган «Қумғон» идиши мутлақо оригинал шаклга эга бўлиб, дастсиз, қорни ноксимон ва баланд ингичка бўйинлидир.

Хива ҳунармандчилигида наққош усталар алоҳида ўрин эгаллайдилар, улар усталар учун турли хил нақшларни эскизини тайёрлаб беришган. Хивалик машхур наққошлар Маткарим Негматуллаев, Эшмуҳаммад Худайберганов, Худайберган девон чизган нақшлардан шу даврда барча бадий безак санъат усталари фойдаланганлар. ХХ асрнинг 70 йилларига келиб Хивада бадиий ишлаб чиқариш мактаби ташкил этилди ва бу ерда асрлар давомида ривожланиб юксак даражага кўтарилган ҳунармандчиликни давом қилдириш, ёш авлодни шу ҳунарларга жалб қилиш мақсадида илк қадам бўлди. Хоразм мис ўймакорлиги санъати оддий бўлсада, таъсирчанлиги, заминининг чуқурлиги, нақшларнинг ўйноқлиги билан кишини ҳайратга солади. Усталар санъат асарларини «ислимий», «мураккаб ислимий», «айланма ислимий», «гирих» ва бошқа нақшлар билан безаганлар.

Хоразм мис ўймакорлиги мактабининг вакилларидан Муҳаммад Пано, Х.Матчанов, Собиржон, Юсуф ва Матпано Худайбергановлар, Х.Саид Ниёзов, Б.Ёкубов, О.Мадрахимов шулар жумласидандир.

Хоразм Амалий санъатининг музей экспозициясида намойишга қўйилган мис ўймакорлиги санъатининг дурдоналарини кўрган ҳар бир инсон дунёнинг гўзаллигини хис этишига ва унинг ранг баранглигини сақлашга интилиши, ундан унутилмас баҳра олиши шубҳасиздир. Бу ерда XIX – ХХ аср бошларида тайёрланган қумғон, тунг, самовар, патнис, сулопча ва жом идишлар намойишга қўйилган. Уларда нақшлар билан бирга араб алифбосида ёзилган Қуръон сураларидан оятлар, тайёрланган санаси, ишлаган устознинг номи битилган.


Манба: http://www.khivamuseum.uz/index.php/handicrafts/misgar