Абдуллохон Тўра масжиди

  • 23 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 10115

Абдуллохон Тўра масжиди- Наманган шаҳридаги меъморлик обидаларининг ажойиб намуналаридан бири Сумалак гузар маҳалла марказида Уйчи кўчасида жойлашган «Атоуллохон тўра масжиди»дир. (Бу масжид маҳаллий халқ иборасида Отавалихон тўра масжиди деб атаб келинади). Халқимизнинг бебаҳо бойликларидан бири Отавалихон Тўра (Атоуллохон Тўра) гумбаз масжиди ХVIII асрнинг охири ХIХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод қилган зуллисонайн шоир ва нақшбандийа тариқатининг таниқли халифаларидан бўлмиш Мажзуб Намангоний бино этган масжид ўрнида қурилган. Бу зот Муҳаммад Азиз Намангоний номи билан машҳур бўлган. Мажзуб Наманган шаҳрининг Дегрезлик даҳасида туғилиб,бошланғич таълимни ҳам шу eрда олган. Кейинчалик Бухоро мадрасасида ўқиган ва замонасининг билимдон кишиларидан бири бўлиб eтишган. Мажзуб Намангоний ўзбек, форс– тожик тилларида яссавиёна ҳикматлар, ғазаллар битган ва ўзидан бир девон мерос қолдирган. Мажзубнинг шеърлари биринчи марта 1903 йилда Тошкентда Яковлев босмахонаси (литография)да босилган.

Мажзуб Дегрезлик даҳасида бир масжид ва мадраса қурдирди, Бу бинолар халифа Муҳаммад Азиз мадрасаси номи билан ХХ аср бошларигача фаолият кўрсатди. 1914 йилда eр силкиниши даврида бу бинолар тасодифий ёнғин чиқиши натижасида ёниб кетди. Жуда чиройли ўйма эшик, устунлар ҳам ёниб битди. Шундан сўнг ўша eрга уламолар қайтадан ғиштдан масжид қуришни таклиф этадилар ва водийдаги меъмор усталарга жар солинади. Лекин бирон бир уста бундай улкан гумбазли бинони қуриш иши осон бўлмаганлиги учун бу мураккаб ва масъулиятли вазифани қабул қилмадилар. Улар бу қурилишни қуришга ботина олмадилар. Орадан бир йил ўтиб, уста Мулла Қирғиз, Мажзубнинг набираси Имом Атоуллохон тўра ҳомийлигида бино қурилишини ўз зиммасига олади. Бўлғуси масжид биносининг лойиҳаси ишлаб чиқилади, лойиҳага мувофиқ масжид катта гумбазли бўлиб, ёғоч ишлатмасдан фақат пишиқ ғиштдан қурилиши ва бинонинг олди томони икки қаватли бўлиши, ички қисми ажойиб санъатли турли ўйма нақшлар билан безатилиши керак эди. Атоуллохон тўра масжидининг мазкур лойиҳаси ҳозирда республика марказий Давлат архивида сақланмоқда. 1915 йилнинг баҳорида қурилиш ишлари бошлаб юборилди, қурилиш жараёнида уста Мулла Қирғиз билан ёнма-ён унинг истеъдодли шогирдларидан Уста Фозил Намангоний, Соқов ҳожи ва бошқалар бирга ишлайдилар. Уста Қирғиз масжид қурилишида ўзининг барча тажрибасини ишга солади ва маҳоратини намоён қилади.

Қурилиш ишини маълум вақт ўз тажрибаларига таяниб кўзи пишган уста Мулла Қирғиз пойдеворни тайёрлашдан бошлайди. Пойдевор ўрнидан 1,5–2 метр чуқурликда ўра қаздириб, 20 смли қатлам қилдириб, шиббалаш усули билан мустаҳкамлаган. Агар пичоқ учи eрга санчилса, қайтадан шиббаланган. Пойдевор тайёр бўлгач, тош терила бошлайди. Бино тарҳи тўғри бурчакли яъни 27х19,6 метрли ўлчамда симметрик тузилишли уч чорак унча катта бўлмаган кириш пештоқининг тепасидан бир қадар чиқиб туради. Уста меъморнинг бу каби тажриба, малакалари ҳамда қаттиққўллиги сабаб ушбу меъморий обида табиий офат ва eр силкинишларига дош бериб, ўз мафтункорлигини сақлаб қелмоқда. Атоуллохон тўра масжиди биносининг яна бир қимматли томони шуки, ХVI асрдан то ҳозирги давримизгача Ўрта Осиёда бунёд этилган меъморлик обидалари орасида гумбазнинг улканлиги жиҳатидан ягоналигидир. Бино қурилиши ўзига хос оҳорликка эга бўлиб, ўртадаги катта гумбаз обиданинг асосини ташкил қилувчи ўринни эгаллаган бўлса, бинонинг уч томони хонақоҳ айвон сифатида аркали гумбазлар билан мужассамлаштирилган. Албатта, бу каби ноёб меъморий обидалар халқимиз фахридир. Қозоғистон Республикаси Туркистон шаҳрида жойлашган Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси гумбази диаметри 18,2 метрдир (ХIV асрнинг 90-йиллари), Туркманистон Республикаси Марв шаҳрида Султон Санжар мақбараси ХII асрда қурилган бўлиб, гумбаз диаметри 17 метрдир, Самарқанддаги ХV асрда қурилган Жомеъ (Бибихоним) масжиди гумбазининг ички диаметри 14 метр ва Гўри Амир мақбараси диаметри бинонинг асосий кириш эшиги 10 метрга тенгдир. Демак, бу иншоотларга қиёслаб кўрадиган бўлсак, Атоуллохон Тўра масжиди гумбази ХVI асрдан кейин Марказий Осиёда қурилган меъморчилик обидалари ичида катталиги жиҳатидан ягонадир.


Манба: http://www.nmn.uz/uz-Latn-UZ/Sanctity/Architectural#prettyPhoto