Бинкат – Чоч (Шош)нинг ўрта асрлардаги (9–12-асрлар) пойтахти. Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги бинолар тагида қолиб кетган шаҳар харобаси деб ҳисобланади (В.В.Бартольд, М.Е.Массон). 10-аср араб манбаларига кўра, Бинкатнинг узунлиги ва кенглиги бир фарсах (6–7 км.га яқин) бўлган ва қўрғон (кўҳандиз ёки арк), ички шаҳар (шаҳристон ёки мадина) ва икки рабод: ички (рабоди дохил) ва ташқи (рабоди хориж)дан ташкил топган.
Арк алоҳида девор билан ўралиб, 2 дарвозаси бўлган, биридан рабодга, иккинчисидан шаҳристонга чиқилган. Арк ичида ҳоким саройи ва қамоқхона жойлашган. Арк деворига ташқаридан жоме масжиди туташган.
Бинкат дарвозалари
Хамдайн работи, Оҳанин (Темир); Амир дарвозаси; Фархон, Суркада, Кармонж (ёхуд Кармабаж); Куйи Саҳл (Дашт кўчаси); Рошдижоқ; Кўйи Хоқон, Қасри Деҳқон. Ташқи рабодда, араб географларининг маълумотларига кўра, 7 та дарвоза бўлган: Фарғад (Шар-қий), Хошкас (Сирдарёдаги Хос кечуви), Сандижак (ёки Сакандижоқ), Оҳанин, Бокардижоқ, Сакрак, Сағробод (ёхуд Дарби Фарйад).
Мудофаа девори билан ўралган шаҳристонга учта – Абул Аббос, Жунайд ёки Гунбаз (ғарбий ва шарқий) ва Кеш ёхуд Касир (жанубий) дарвозалари орқали кириш мумкин бўлган. Шаҳристон ичида шаҳар ҳунармандлари, жумладан, темирчилар (оҳангарлар), мискарлар, чироқ пилиги сотувчилар ва бошқаларнинг устахона-дўконлари жойлашган, яъни бу ер бозор бўлган. Аммо бозорларнинг аксарияти ички рабодда жойлашган. У ҳам алоҳида девор билан ўралган, унда айрим маълумотларга кўра 8 та, бошқасига кўра 10 та дарвоза бўлган; айрим дарвоза номлари орқали биз рабодлар ва шаҳар атрофидаги ҳудудларнинг топографияси ва топонимикаси хусусиятлари ҳақида маълумот олишимиз мумкин.
Манбаларнинг қайд этишича, шаҳар кўкаламзорлиги, ободлиги ва баҳаволиги билан Мовароуннаҳрнинг энг соғлом шаҳарларидан ҳисобланган. Унинг пахсадан қурилган уйлари кенг бўлган, ҳар бир ҳовлидан ариқ оқиб ўтган. Манбаларда Бинкат ва унинг атрофи сув билан яхши таъминланганлига алоҳида қайд этилади; барча каналлар шаҳристон ва рабод орқали ўтган, рабодда боғлар ва ариқлар кўп бўлган. Қадимий шаҳар ҳудудида ўтказилган дастлабки археологик кузатувлар арк, шаҳристон, рабодлар ўрнини белгилаш ва бошқаларнинг 9–12-асрлардаги тарихий топографиясини аниқлаб олиш имконини берди. Шаҳристон ва арк тахминан ҳозирги Зарқайнар кўчаси, Чорсу майдони ва Эскижўва бозори билан чегараланган Гулбозор тепалигини эгаллаган (ҳудуди тахминан 15 гектар бўлган) лиги аниқланди. Бу учбурчакнинг шимолий томонидаги ғишт билан терилган арк деворлари харобаси (бурчак минораси ва мудофаа девори қолдиқлари) 20-аср бошларида ҳам мавжуд бўлган. Арк Регистон ва Жангоб (Жанггоҳ) ариқлари орасида жойлашган.
Бинкат Тошкент археология экспедицияси томонидан анча батафсил ўрганилган. Тадқиқ этилган маданий қатламлар асосида қадимий шаҳар чегараси аниқ белгиланди. Ички шаҳар тарҳи тўла тикланди. Қазиш ишлари айрим қадимий ариқ ўзанлари, шунингдек, шаҳристоннинг жанубий девори харобаларида олиб борилди. Шаҳристоннинг марказий қисми ва «Гулбозор» маҳалласида 9–12-асрларга оид уй-жойлар жуда ҳам зич бўлганлиги аниқланди. Турли-туман рўзғор буюмлари, айниқса сирланган идишлар коллекцияси Бинкат кулолларининг юксак маҳорат ва бадиий дидга эга эканлигидан далолат беради. Араб манбаларида (Мақдисий) Шошдан четга чиқарилган савдо буюмлари ичида чорвачилик маҳсулотлари (тери, чарм ва намат), металл буюмлар, айниқса Шош сирли сопол идишларидан айримларининг «тенги йўқ эканлиги» қайд этилган. Бинкат ҳунармандларининг сопол буюмлари рангининг сержилолиги, ислимий нақшлари, тирик мавжудотлар тасвири аниқ ифода этилганлиги, шунингдек, хилма-хил услублари билан ажралиб турган. Шаҳристондан 9–10-асрларга оид ҳунармандчилик излари топилмаган, бироқ шаҳарнинг жанубий ҳудудида мудофаа деворига яқин жойда кулолчилик хумдонлари қолдиқлари (11–12-асрлар) қайд этилган. Кайковус ва Бўзсув каналларидан суғориладиган рабодлар ҳудудида турли ҳунармандчилик маҳсулотлари: кулолчилик, темирчилик, шишасозлик буюмлари топилган, хумдонлар бўлганлиги аниқланган. Бинкат атрофидаги рабод аҳолиси савдо-ҳунармандчилик билан шуғулланганлигидан далолат беради. Ички рабодда иморатлар жуда зич қурилган, ташқи рабодда турар жойлар сийракроқ учрайди, маданий қатламларга қараганда, бу ерда кўпроқ боғ-роғлар, яккам-дуккам маҳаллалар ҳамда қаср ва кўшклар ҳам бўлган. Шаҳар атрофида қишлоқларнинг кўплиги Бинкатнинг ҳунармандчилик ва савдо шаҳри эканлигини тасдиқлайди.
Шаҳар дарвозаларидан чиқадиган ҳамма йўллардаги қишлоқ (кент)лар археологлар томонидан қазилиб, тадқиқ этилган.
Бинкат сирланган сопол буюмлари ўрта асрларда Тошкент ҳунарманд усталарининг катта ютуқларидан ҳисобланган. 8-асрда Мовароуннаҳрда пайдо бўлган бадиий ҳунармандчиликнинг ушбу тури 9–10-асрларда равнақ топган. Бинкатда тайёрланган сопол идишларнинг олий сифати араб сайёҳи Мақдисий (10-аср) томонидан Мовароуннаҳрнинг энг яхши маҳсулотлари қаторида қайд этилган. Бинкатда тайёрланган лаган, товоқ, коса, пиёлалар, шунингдек, кўза, ваза, кувачалар, чироғдонлар сержило нақшлар, жумладан эпиграфик ислимий, зооморф безаклар билан безатилган. Шош кулолларининг катта ютуқларидан бири – оқ фондаги идишларга арабий-куфий ёзувида турли битикларни туширишлари бўлган. Битикларда, одатда, қисқа ҳадислар ўз аксини топган. Масалан, «Ким кўп гапирса, ўша кўп хато қилади», «Очкўзлик – камбағаллик (белгиси)» ва бошқалар. Идишларда, шунингдек, зооморф – турли реал ва фантастик қушлар, балиқлар, кийик, така, қурбақа ва бошқалар тасвири акс этган. Археологик материаллар Шошда ўзига хос бой бадиий анъаналарга эга юксак ҳунармандчилик маркази мавжуд бўлганлигидан далолат беради.
Ўрта асрларда Бинкат ҳудудида бошқа касб-ҳунарлар қаторида шишапазлик ҳам ривож топган. Бинкат рабодларидан турли линзалар ва шиша идишларнинг ажойиб намуналари топилган. Шиша буюмларнинг аксарияти яшил ва кўк, қисман сариқ ва қора шишадан тайёрланган. Улар тиниқлиги ва устки қисми ялтироқлиги билан ажралиб туради. Барча шиша буюмларни вазифасига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин: ошхона идишлари – косача, товоқ, стакан, қадаҳ, кўзача, вазалар. Улардан хонанинг ички қисмини безашда ҳам фойдаланишган; хўжалик-рўзғор буюмлари – тувак, сумак, дераза ойналари; атир-упа – дорихона идишлари, улар 2 гуруҳга – дорилар ва атирларни сақловчи шиша идишлар ва уларни тайёрлаш учун мўлжалланган идишлар (кичик колбачалар); кимёвий идишлар – колбалар ва алембик (шиша идиш)лар. Шишапазлик Бинкатда 10-аср охири – 11-аср ўрталарида равнақ топган.
Қишлоқлар шаҳардан жануброқда ва шимоли-шарқ томонда, Бинкат орқали Сўғддан Еттисувга борадиган асосий савдо йўли ёқасида кўп учрайди. Бу жойларнинг туб аҳолиси ҳунармандчиликнинг муайян бир соҳасига ихтисослашган. Бинкатдаги шаҳар ҳаёти 10–11-асрларда гуллаб-яшнаган. Бу даврда шаҳар Тошкент деб юритила бошлаган. Археологик топилмалар шаҳар 12-аср ўрталарида инқирозга учраб, мавқеи пасая бошлаганлигидан далолат беради. 12-аср охири – 13-асрдаги инқироздан сўнг шаҳар ҳаёти яна жонланиб, 14–15-асрларда жануб ва шарққа қараб кенгайган, унинг шарқий девори ташқарисида, Шайх Хованди Тоҳур мозори олдида масжид ва мадраса қурила бошлаган. 14–16-асрларда шаҳар арки Бинкатнинг жануб томонига, Бешёғочнинг Қоратош маҳалласи ўрнашган ҳудудга кўчган. Бу жойдаги Эскиўрда маҳалласи 19-асргача мавжуд бўлган. Арк комплекси биноларидан бири – 15–16-асрларга оид ҳаммом харобалари археологлар томонидан текширилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил