Улоқ-кўпкари (улоқ чоптириш)

  • 27 Май, 2015
  •   1
  • 0
  • 25706

Кўпкари Марказий Осиёнинг от ўйини саналади. Кўпкарининг ўзига хос сеҳри шу қадар қудратлики, унинг дарагини эшитган чавандозлар юзлаб чақирим йўлни ортда қолдириб бўлса-да, тезроқ чортоққа етиб боришга ҳаракат қилишади. Биз ҳам ўша томон ошиқмоқда эдик. Негаки, улоққа нисбатан бўлган қизиқиш ҳисси бизга ҳам бегона эмасди. Тоғ йўллари ҳамиша қалтис баланд-пастлик ва бурумлардан иборат. Бу йўллардан юрак бетлаб юрмоқ учун машина ҳайдовчиси ҳам жуда маҳоратли бўлмоғи лозим.

Кўпкари чопиладиган майдон яқинига, яъни Чотқол тоғи этагидаги кенг яйловга етиб келгандан сўнг, маълум бўлдики, бугунги улоқни тоғлик чўпонлардан бири бераётган экан. Энг қизиқ жиҳати шунда эдики, улоқда қатнашиш иштиёқида чор-тарафдан келаётган чавандозларнинг аксарияти улоқ берувчини танимасди. У ким, касб-кори нима, бу ҳақда бирор маълумотга эга эмасди. Унда улар бугунги улоқнинг дарагини қаердан эшитиша қолди экан? “Бу хабарнинг қаноти бор”, дея изоҳ беради улоқчилар. “Буни бир чавандоз эшитса бўлди, қолганлари эргашиб келаверади”.

Удумга биноан чавандозлар атай таклиф этилмайди, улоққа уларнинг ўзлари келади ва кўпкари олдидан тўй эгаси томонидан эл қатори яхшилаб меҳмон қилинади. Бу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадимий одатдир.

Кўпкари олдидан улоқ чопиладиган майдон четига йиғилган томошабинлар билан суҳбатлашамиз. Буни қарангки, улар ҳам худди чавандозлардек турли вилоятлардан ва ҳатто қўшни республикалардан ташриф буюришган экан. Уларнинг берган жавоби шу: “Улоқнинг дарагини эшитиб келавердик”. Мухтасаргина изоҳ берадиган бўлсак, бу кишиларни на тўйхона эгаси берадиган туз-наъмак, на қайтишда босиб ўтилиши лозим бўлган юзлаб чақиримли йўл азоби қизиқтиради, уларни ҳали замон бошланиши керак бўлган улоқдан бошқаси мутлақо қизиқтирмайди. Кейин эса фалончининг оти зўр экан, пистонча чавандозга умид қилса бўлади, барибир ўзимизнинг қорабайир зўр-да, дея узоқ вақтгача эслашиб, гапиришиб юради.

Бу орада чавандозлар майдонга улоқ ташланишини кутиб, жам бўлишади. Кўпкарида бу лаҳза энг ҳаяжонли дақиқалардан биридир.Улоқ ташланиши билан майдон юзлаб отлар дупурига тўлади. Бундай пайтда улоқчиларгина эмас, ҳатто энг бесабр томошабинлар ҳам андак сукутга толиб, ҳаяжонли онларни бошларидан кечира бошлайди. Ниҳоят, кутиш лаҳзалари ортда қолиб, баковул томонидан майдонга улоқ ташланади. Улоқни майдонга ташлаган баковул бутун кўпкари давомида ўйинга ҳакамлик қилади. Бериладиган совринлар фақат унинг изми билангина эгасига топширилади. Улоқдаги ҳалоллик ва ғирромликни ёлғиз угина ажрим қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ унинг ҳакамлик иши ҳамиша оқсоқоллар кузатуви остида.

Кўпкари ҳамма жойда деярли бир хил кечади. Улоқни майдондан олиб чиқиш ғолиблик саналади. Лекин бу хил талатўпдан улоқни ажратиб олишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун яхши от, билак кучи ва улкан тажриба керак. Кучинг бўла туриб, отинг бундайроқ бўлса ёхуд отинг зўр бўла туриб, ўзингда чапдастлик етишмаса, яхшиси, бу майдонга тушмаган маъқул. Бу майдонда йигитнинг ғурури синалади.

Чотқол тоғи бағрида бўлаётган бу кўпкарининг ўзига хос томони шундаки, бу ўйинда улоқ тақимга эмас, тўғридан-тўғри эгар қошига олинмоқда. Демак, водийга хос услуб устуворлик қилмоқда. Республикамизнинг жанубий вилоятларида бу услуб ғирром саналиб, тақимга босиб олиб чиқилган улоққина ҳалол, дейилади. Аслида эса бу ерда ғирромлик эмас, услубий ранг-баранглик мавжуд. Зил-замбил улоқни тақимга босиш қанчалик оғир бўлса, уни эгар қошига олиш ҳам янада машаққатлироқ.

Иккинчидан, бу кўпкарида марра чизиғи белгиланмади. Одатда, улоқда марра нуқтаси белгиланиб, тўдадан олиб чиқилган улоқўша маррага ташлангачгина ҳалол саналади. Кўпкари тарихида яна бир ҳолат кузатиладики, чавандоз томонидан олиб чиқилган улоқ майдонда маълум масофа югуриб, сўнг ташланса ҳам ҳалол саналади. Унинг нечоғли ҳалоллигини фақат баковулгина ҳал қилади. Улоқда ўртага ташланган соврин, одатда олдиндан эълон қилинади. Аммо чавандоз совринга нима олишини аввалдан билиб эмас, балки улоқ шавқига тамомила берилган ҳолда ҳаракат қилади. Соврин эса ғолибни рағбатлантиришга хизмат қилувчи шунчаки бир омил, янада аниқроғи, қадимдан қолган таомилдир. Улоқда кимгадир буюм, кимгадир жонлиқ тегади. Аммо бу нарса ўйин суръатини белгиламайди. Улоққа завқ ва жозиба бағишловчи нарса унинг бетизгин шавқидир.

Кўпкари соатлаб, баъзан кунлаб давом этиши мумкин. Улоқда отбозлар отини, чавандозлар эса ўзини синовдан ўтказади. Улар улоқдан улоққа ўз хато ва камчиликларини тузатиб, тажрибаларини ошира борадилар. Ҳар беллашувда янги-янги чавандозлар ҳамда улоқчи отлар кашф этила боради. Энг муҳими, ҳар бир кўпкари халқ хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади.

Улоққандай бошланган бўлса, тўсатдан шундай тугайди. Лекин чавандозлар майдонни тарк этишга кўпда ошиқмайдилар. Худди майдонда ниманидир тушириб қолдиргандай, яна пича уймалашадилар. Айрим чавандозлар эса майдон четида тўп-тўп бўлишиб, бугунги улоқни муҳокама қилишга тушиб кетадилар. Шу баҳонада, биринчидан, от пича совутилади. Иккинчидан эса, кўпкари сабаб учрашиб қолган дўст-ёронларнинг бир-биридан кўнгил узиб кетишлари сал қийин кечади. Ахир, улардан бири Намангандан, бири Фарғонаю Андижондан, иккинчи бирлари эса Тошкент ва Сирдарёдан, қайси бирлари Қирғизистон ва Қозоғистондан ташриф буюрган чавандозлар-да. Шунинг учун бундай давраларда гурунг тезда тугамайди...

Источник: www.centralasia-adventures.com


Манба: www.centralasia-adventures.com