Танбур — торли мусиқа асбоби. Ўзбек миллий чолғуларидан бири ҳисобланади. Ўзбек мумтоз мақомлари айнан танбур чолғусида ижро этилган. Танбур ўнг қўлнинг кўрсатргич бармоғига махсус нохун (медиатор) тақиб чалинади. Чалинганда фақат биринчи сими чертиб чалинади, қолганлари эса садоланиб туриш учун хизмат қилади. Форобийнинг мусиқа рисоласида Хуросон танбурининг парда тузилиши келтирилган. Танбур ўзбек, тожик, уйғур ва бошқа халқларда профессионал соз сифатида кенг тарқалган. Асбобнинг чортор (4 торли), панжтор (5 торли), шаштор (6 торли) турлари бор. Танбурнинг электр адаптер билан жиҳозланган турлари эстрада ижрочилигида қўлланилади.
Танбурнинг ноксимон ўйма косаси йўғон ва узун дастаси билан бирга яхлит тут ёғочидан ясалади. Танбурнинг умумий узунлиги 110-130 см. Косасининг қопқоғи, кўпинча, юпқа ёғоч тахтачадан қилинади, унда резонатор тешикчалари бор. Дастасига ичакдан қилинган пардалар боғланади. Танбурнинг пай ип билан боғланган 16-19 пардаси бўлиб, олтинчиси, одатда, ижро этиладиган асарнинг ладтоналлик хусусиятига кўра юқори ёки пастга суриб қўйилади. Танбурнинг 3 та торидан биринчиси (юқоридан) асосий, 2 таси ёрдамчидир; биринчиси ва учинчиси унисонга, иккинчиси уларга нисбатан кварта, баʼзан квинта ёки секунда паст созланади. Асбобнинг диапазони икки ярим октавага яқин.
Танбур қўлнинг кўрсаткич бармоғига кийиладиган нохун билан турли услубда (торларни юқоридан ва пастдан уриб) чалинади. Танбур Ўзбекистонда бошқа торли чертма созлардан фарқли ўлароқ, диатоник товушқаторга эга. Танбурнинг торлари узун ва ингичка, пардалари йўғон (диаметри 3 мм гача) бўлганлигидан торни турлича куч билан босиб, товуш баландлигини ярим тонгача ўзгартириш мумкин. Мазкур йўл билан танбурда куйларга ўзига хос тебратма сайқал, нолалар берилади.
Танбурнинг ўзига хос нозик ва таʼсирчан овози, кенг диапазони туфайли Бухоро Шашмақоми ижросида асосий якканавоз ва (вокал қисмларда) жўрнавоз соз ҳисобланади. Танбунинг кенг бадиий имкониятлари Турғун Алиматов ва унинг шогирдлари талқинида намоён бўлмоқда. Ўзбек бастакорларидан Ҳожи Абдулазиз, Жўрахон Султонов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Орифхон Ҳотамов, композиторлардан Сайфи ЖалилСайфи жалил (Қалбимда), М. Маҳмудов (Наво симфонияси), Мустафо Бафоев (Лисон уттайр) ва бошқалар танбур имкониятларидан ижодий фойдаланишган.