Сурхондарё вилоят ўлкашунослик музейи

  • 22 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 13969

Сурхондарё вилоят ўлкашунослик музейи — маданий маърифий муассаса. Термиз шаҳрида 1934 йилда (1933 йилда уюштирилган халқ хўжалиги кўргазмаси асосида) ташкил қилинган. Музейда Термиз ва термизий алломалар тарихи, қадимшунослик ва тангашунослик, халқ оғзаки ижоди, этнографияси, халқ, амалий санъати, ўлка табиати, спорти, тасвирий санъат бўлимлари ҳамда 14 минг нусхадан зиёд асарга эга кутубхона бор. Музей фонди 64 мингдан ортиқ (2004). Экспонатлар Сурхондарё вилоятининг энг қадим замонлардан ҳозиргача бўлган тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилади: турли даврларга оид заргарлик буюмлари, турли даврларда зарб қилинган тангалар, ҳунармандлик буюм лари, ганч ўймакорлиги, меъморий ёдгорликлар қолдиқлари, сопол буюмлар, ҳайкалчалар, тўқимачилик дастгоҳлари, уй анжомлари, иш қуроллари мавжуд. Музей маданий-маърифий ишларни амалга оширади, кўргазмалар ташкил этади, илмий ишлар нашр қилади, бошқа кўпгина илмий муассасалар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.


Манба: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси, 2004