Сумалак сайлининг байрам сифатида шаклланганлиги ҳақида турли ривоятлар бор. Шулардан бири: деҳқон олиб қўйган охирги донини тезроқ экиш учун яхши ниятлар билан олдинроқ ивитиб қўяди. Лекин бирдан об-ҳаво бузилади. Буғдой идишда ниш уриб ўса бошлайди, об-ҳаво яхшиланавермайди. Деҳқон оила аъзолари оч турган пайтда буғдойни бутунлай нобуд қилмаслик чораларини излай бошлайди. У таваккал қилиб ниш урган ва анча бўй кўтарган донни қиймалайди ва хотинига бундан таом пиширишни буюради. Уй бекаси уни узоқ вақт қайнатади. Қарангки, оқкўнгил деҳқоннинг нияти холис чиқади. Ундан ҳиди ёқимли, ўзи тўйимли, мазаси эса тановул қилган кишининг узоқ вакт эсида қоладиган даражадаги ширин таом ҳосил бўлади. Бу таом борган сари халқ ўртасида кенг тарқалиб, баҳорнинг энг лаззатли таомига айланади.
Сумалак сайли (базми) асосан икки қисмдан: сумалак тайёрлаш ва сумалакхўрликдан иборат бўлган.
Сумалакни асосан аёллар тайёрлашган. Сумалак тайёрлашнинг ўзига хос маросим тадбири вужудга келган. Улар қозон атрофида суҳбат қуришган, ҳикоялар, эртаклар, ривоятлар ва латифалар айтишган. Таом тайёр бўлгач, сумалак сайли бошланган. Сумалак сайли иштирокчилари чилдирма (доира) чалиб рақсга тушишган, қўшиқлар айтиб хурсандчилик қилишган.
Сумалак сайли қадимдан кишиларда бирдамлик, аҳиллик ҳиссини тарбиялаб келган. Сумалак тайёрланадиган жойга қўни-қўшнилар бир ҳовучдан ун олиб келишган, биргаликда таом пиширишган, бир қозонда тайёрланган овқатни ҳамма баҳам кўрган.