Шоштепа, Чочтепа — кўп қатламли археологик йодгорлик. Тошкент шаҳри ҳудудида қад кўтарган энг қадимий қишлоқ ва илк қўргон — Чочкатнинг харобалари (мил. ав. 6-аср — мил. 16-асрлар). Йодгорлик Жoнариқнинг чап ва ўнг соҳилларида жойлашган бири тик ва баланд, иккинчиси яссироқ улкан тепаликлардан иборат. Умумий майдони тахм. 25 га. Дастлаб Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги аъзоси Н.С.Ликошин томонидан қайд этилган, Н.П.Остроумов археологик қазишлар oтказган (1896); Г.В.Григорев текширган (1934), Н.И.Крашенинникова (1956), Гʻ.Дадабоев (1970)лар археологик кузатишлар олиб борган. 1978 йилдан Тошкент археодогия экспедицияси(В.И.Спришевский, М.И.Филанович) томонидан мунтазам археологик қазишлар ўтказилган. Тадқиқотларни ҳозирги вақтда М.И.Филанович давом эттирмоқда.
Шоштепа қўрғоннинг плани
Жўнариқнинг сўл соҳилида жойлашган бал. 18—19 м ли тик тепа (майд. 150— 120 м) истеҳкомли илк қишлоқ харобаси бoлиб, унинг остки маданий қатламларидан қад. деққончилик маданияти (қ. Бурганли маданияти )нинг сўнгги босқичи (мил. ав. 6-4-асрлар)да яшаган ўтроқ зироаткор аҳоли турар жойларининг қолдиқлари қайд этилган.
Археологик тадқиқотлардан маълум бoлишича, мил. ав. 3-асрда Жанубий Урал ва Шарқий Орол олди минтақаларидан жан.га томон силжиган кўчманчи чорвадор сармат қабилалари қадимий Чочкатни вайрон этиб, қабристонга айлантирганлар.
Мил. ав. 2 — 1-асрларда Шоштепада қадимий қишлоқ харобалари устида атрофи қалин айланма девор билан ўраб олинган доира шаклидаги қалъақўрғон қад кўтарган. Қалинлиги 4 м ли қўрғон девори йирик хом ғиштлардан уриб чиқилган. Диаметри 60 м ли қўрғон деворининг ички айланаси бўйлаб томи равоқсимон қилиб ёпилган узун йўлак бино қилинган. Йўлак қисмларга бўлинган ва ҳар биридан ташқарига чиқадиган дарвозаси бўлган. Қўрғоннинг марказий қисмида хоч шаклида монументал бино қад кўтарган. Унинг деворларининг қалинлиги 2 м, томи эса равоқсимон. Бино қатор хоналар ва йўлакларга ажратилган. Пештоқи бинонинг шим. қанотида, у равоқли дарвозахона ва унинг 2 биқинида пайконсимон дарчалар жойлаштирилган. Қўрғон биносининг умумий тарҳи: йўлакли айланма ташқи деворию, хочсимон марказий биноси, равоқли пештоқию пайконсимон дарчаларига қараганда, у аввалдан анчагина пухта оʻйланган режа асосида қурилган замонасининг нодир меъморий обидаларидан ҳисобланган.
Шоштепанинг маданий қатламларидан кўпданкўп ашёвий топилмалар қайд этилди. Улар орасида уйрўзғор ва хўжалик буюмлари: хум, хўмча, кўза, бир қулоқли ва жўмракли ҳўқачалар, 2 қулокли сопол қозонлар, това, сувдонлар, ҳўкиз бошли кабоб кўралар, ёйсимон ёрғучоқлар, темир пичоқ, ўроқ ва ҳ.к.дан иборат. Топилмалар орасида 2 та нодир буюм: фил суягидан ясалган қадаҳнинг бир бўлаги ва суякдан ишланган қалам, айниқса, диққатга сазовордир. Ҳажми 5 — 3,5 см.ли суяк қадаҳ парчасида бошида улкан кулоҳ, кенг пешонали, от юзли, қиррабурун, бодом қовоқ, серсоқол ва мўйловли ўрта ёшдаги кишининг сиймоси қабартма қилиб тасвирланган. Суяк қаламнинг уз. 15 см. Бир томони ёзиш учун учли қилиб, 2томони эса илонни бошидек ромб шаклида куракча қилиб ясалган. Бу топилмалар мил. 1—2-асрларга мансуб бўлиб, Чочда ҳам қадимда хатсавод бўлгани ҳамда шоштепаликлар карвон йўли орқали Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари билан алоқада бўлганидан далолат беради.
Топилмалар кўчманчи дашт билан ўгроқ деҳқончилик воҳаси чегарасида узоқ асрлар давомида ёнмаён яшаган ҳамда бир-бири билан иқтисодий ва маданий алоқада бўлган қадимий қавмларнинг яратган оʻзига хос маданиятининг маҳсули эди. Бу маданият фанда Қовунчи маданияти деб аталади.
Истеҳкомли қишлоқ сифатида қад кўтарган Шоштепа мил.ав. 2 — 1-асрларда илк шаҳарча қиёфасига кириб, у Сирдарёнинг ўрта оқимида ташкил топган Қанғ давлатининг дашт билан Тошкент воҳасига туташиб кетган чегарасидаги истеҳком, ҳунармандчилик маркази, кўчманчи чорвадор аҳоли билан ўтроқ деҳқонлар ўртасида олиб бориладиган ўзаро савдо бозори вазифасини ўтаган.
5-аср ўрталарида чорвадор эфталийларнинг жан.га томон силжиши оқибатида Шоштепада қадимдан ўтпарастлик ибодатхонаси бўлган хоч шаклидаги марказий бино қабристонга айлантирилган. 6—8-асрлар бошларида Шоштепада ҳаёт яна анча юксалган. Араб халифалиги истилоси натижасида Шоштепа вайрон бўлган. 11 — 12-асрларда ундаги ҳаёт бирмунча жонлансада, аммо 16-асрда Шоштепа деярли харобага айланган.
Гарчи Шоштепада қад кўтарган қўрғон тўла шаҳар қиёфасида шаклланмаган бўлсада, бироқ у Тошкент воҳасида шаҳарсозлик маданиятини шаклланиши ва ривожи тарихини тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга йодгорлик ҳисобланади(яна қ. Тошкент).