Шерғозихон мадрасаси

  • 24 Июль, 2015
  •   0
  • 0
  • 15668

Шерғозихон мадрасаси — XVIII асрнинг биринчи ярми. Бу мадраса Хоразмдаги ўқув муассасалари орасида энг кўҳнасидир. Уни Хива хони Шерғозихон 1719 йили Машҳадга муваффақиятли сафар қилгандан сўнг ана шу ғолибона сафар шарафига қурдирган. Мадраса биноси бизнинг давримизгача асл ҳолича тўла етиб келмаган. Йиллар мобайнида нураб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Мазкур мадраса ўз даврида йирик билим ўчоғи бўлиб, унда кўплаб толиби илмлар таҳсил олганлар. Жумладан, туркман халқининг мутасаввиф шоири Махтумқули ҳам мана шу билим даргоҳида таълим олган.

Шерғозихон (1714-1726) ақлли, жасур, тадбиркор, ҳарбий ишларда жуда моҳир бўлган. Унинг айниқса рус подшоси Петр I томонидан Хоразмдаги олтин қумни қўлга киритиш учун юборилган князь Бекович-Черкасский бошчилик қилган рус қўшинини ҳарбий ҳийла билан тор-мор қилгани барча тарихчиларни хайратга солган.

1717-йилнинг ёзида 4000 пиёда, 100 отлиқ, 6 та тўп, 200 туя, 300 от (юк кўтарадиган) билан келган қўшинга қарши хон очиқ жанг олиб бормай ҳарбий ҳийла ишлатади. Хон юборган чопарлар Бекович-Черкасскийга аскарларни бўлиб берса меҳмон қилиш қулай бўлишини айтишади. Алданган лашкабоши қўшинни бўлиб беради. Хиваликлар рус қўшинини ер билан яксон қилиб, Бекович -Черкасскийни бош терисига сомон тиқиб, Бухоро хонига совға қилиб юборадилар. Шерғозихон Вазир, Гурлан, Шоҳобод, Боғолон, Хонқа, Уйғур, Ҳазорасп қалъаларини ўз туғи атрофига бирлаштирди. Хон ўзининг Машҳадга қилган юриши даврида 5000 дан зиёд қизилбошни асир қилиб олиб келган. Ўша қуллар Шерғозихон номидаги мадрасани курилишида ишлатилган. Кўпгина тарихчилар Хива хони Шерғозихонни олим ва одил хон, эътиқодли ва диёнатли инсон бўлганлигини таърифлашган. Шунинг учун ҳам хон илм аҳлларини ҳуш кўрар улар суҳбатидан баҳра олар эди.

Қарияларнинг ривоятларига қараганда, Шерғозихон Машҳадни босиб олгач (1715 йил) 5000 асирни Хивага келтириб мадраса бошлатган. Мадраса 1719 йилда қурилиб битказилган. Унга замонасини тарихчилари “Маскани фозилон” деб ном беришган. Ҳақиқатдан ҳам бу фозиллар уйида буюк шахслар ўқиб таҳсил олганлар. Шулардан бири Паҳлавон Қули Равноқ бўлса яна бири туркманларнинг буюк шоири Маҳтумқули Фироғийдир. 

Мадраса Паҳлавон Маҳмуд мақбараси олдида қурилган, унинг қурилиши тўғрисида бир неча тарих айтилиб мармарга ўйилиб ёзилган ва мадраса пештоғига ўрнатилган. Мармар лавҳалардан тўрттаси бугунгача ўз ҳолича сақланган. Мадрасага кириш эшигининг ёнига ўрнатилган мармар лавҳалардаги 32 мисралик форсий шеърдан биз дунё гулистонидаги бу мадрасани Шерғозихон ўз ақл ва саҳовати билан қурдирганини, мадрасага вақф қилиб берилган ерларни (Шеробод, Хайробод, Пирновхаст, Полвон бобо қишлоқларидаги 10 000 таноб ердан ҳар йили жуда кўп буғдой, гуруч ва жўхори ҳосили олинар эди) мутавалли, мударрис, имом, муазин, кутубхоначи, фаррош ва яна шу ерда яшовчи талабаларнинг ойлик маошини қанча эканини билиб оламиз.

Шоирлар хонни шарафлаб “Хуршиди жаҳон”, “Шери худо” каби унвонлар билан улуғлаб, “ Ушбу манзилда истиқомат этган ҳар кимса шубҳасиз аллома, билим машъали ва сир-асрор тадқиқотчиси бўлғувсидир” деб ёзишган. Шунингдек, ўқиш қоидалари, қоидани бузган талаба ва устозга қандай жазо берилиши ҳақида маълумотларни ўрганамиз. Бу қоидага кўра талаба беузр икки ой ўқишга келмаса ҳужрасидан (демакки маошидан ҳам), муаллим бир ҳафта ишга келмаса маошидан маҳрум бўлар экан. Шеърий лавхадаги “Маскани фозилон” жумласидан мадрасанинг ҳижрий 1132 мелодий 1720 йилда қурилгани аниқланди. Шерғозихон ўз хизматкорлари томонидан ўлдирилган, шунинг учун тарихчилар унинг вафоти санасини “Дод аз ғуломон”, “Қуллар дастидан дод” деб топганлар, 1139 ҳижрий, 1726 йил. Хоннинг қабри ўз мадрасасининг кун ботиш томонидаги ҳужрасига дафн қилинган.

Бугунги кунда мадрасада Маҳтумқули, Ажиниёз Кўсибой ўғли кўргазмалари ташкил қилинган. 


Манба: http://www.khivamuseum.uz/index.php/historical-objects/mosques/33-shergozi