Қизил мозор

Бекобод тумани Тақачи қишлоғидаги эски мозористон ҳудудида ҳайратомуз Қизил мозор мақбараси бор. Мақбара ўзига хос жиҳатларга эга бўлиб, ҳаёт шафқатсизликларига қарама-қарши ўлароқ, илоҳий муҳаббат сир-синоатлари билан уйғундир. Балки, шунинг учун ҳам бу ерда яшаб, мақбара ҳудудини озода ва покиза сақлаш билан машғул бўлган кишилар ҳар сафар шу кўҳна тарих ҳақида ҳикоя қилганларида уларнинг юзларида ўзгача нур балқиб, қалбларида ҳис-ҳаяжон туғён урар...

XVI аср. Бу давр осмонида энг ёруғ юлдуз бўлиб порлаган буюк сиймо – ҳукмдор, шоир, маърифатчи, этнограф, нозик ҳис ва қайноқ қалб эгаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур эди. Душманлар, жаҳолатпарастлар қувғинига учраган, адоғи йўқ кенгликларда дарбадар қолган, бир пайтлар ўзининг буюк аждоди Амир Темурга қарашли бўл¬ган поёнсиз тоғ-тошларни кезган Бобур безовта руҳига қўним, аламзада қалбига сокинлик изларди. Пировардида унинг бу орзулари олис ҳинд ўлкасида мустажоб бўлди.

Ҳозирги Тақачи қишлоғи ўрнида юз берган қақшатқич жанг чоғида бир келишган ёш аскар Бобурнинг эътиборини тортди. У жасорат ва маҳорат билан чиройли жанг қиларди. Аммо, жанг охирлаб қолганда, хушрўй аскар оғир жароҳатланди. Уни авайлаб, ерга ётқизишди. Қонга беланган қалпоғини бошидан олишди. Шу пайт унинг узун, қоп-қора зулфлари атрофга ёйилди. У Бобурни чин муҳаббат билан севиб қолган ҳинд қизи эди. Бу воқеадан ғоят таъсирланган Бобур қандай бўлмасин бу фидойи қизнинг ҳаётини сақлаб қолишни буюрди. Афсуски, бунинг иложи бўлмади. Ҳинд гўзали Бобурнинг қўлларида жон берди. Ҳукмдор қаттиқ қайғу таъсирида буйруқ берди: "Жасур қиз ҳалок бўлган жойда мақбара қурилсин... Бир кечада!"

Тонг бўзара бошлаганда, ҳалок бўлган жангчилар дафн этилган жойда катта гумбазли мақбара салобат билан қад ростлади. Бу ҳинд қизига аталган дахма эди. У тонг ғира-ширасида тунд ва совуқ кўринарди. Бироқ, қуёш чиқиши билан мўъжиза юз берди гўё. Офтоб нурлари мақбара гумбази ва деворларида жило бера бошлади. Дахма ёришиб, гўё тирик жондек, рангини ўзгартирди. Қуёш нурида унинг деворлари пушти-қизил рангга кирди. Ҳайратда қолган жангчилар "Қизил, қизил мақбара! Қизил мозор!" деб бақира кетишди.

Қизил мозор атамаси шу тарзда бир умрга халқ тилига кўчди ва сингиб кетди. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш жоиз. "Қизил" сўзида "гўзал" деган маъно ҳам бор. Ҳар ҳолда, Қизил мозор тарихи кўнглига яқин кишилар буни ички туйғу билан ҳис этишади. Бу ер холис ва покиза, ҳеч нарса талаб этмайдиган улуғ муҳаббат соҳибаси хотирасини одамлар ёдига солиб турадиган муқаддас қадамжога айланди. Оддий ҳинд қизининг моҳир ҳукмдорга нисбатан соф муҳаббати рамзи бўлиб қолди. У шу муҳаббатни деб жангчи бўлди ва боқийликка дадил қадам қўйди.

Афсонанинг тафсилоти шундай. Кейинчалик бошқа афсоналар ҳам тўқилди. Жумладан, бу ерга буюк саркарда дафн этилган деган гап ҳам бўлди. Аммо, бу афсоналар қанчалик кўп ва ранг-баранг бўлмасин, улар заминида инсоний муҳаббат, буюк жангчиларнинг қаҳрамонлиги, шон-шуҳрати, умрбоқийлиги ва садоқати мужассам.

Қизил мозор XVI аср архитектура ёдгорлиги бўлиб, давлат муҳофазасига олинган. Бу – жуда гўзал ёдгорлик. Унда сокинлик, боқий ором ва албатта, замон нафаси ҳукм¬рон. Бу ерда битмас-туганмас, мафтункор ва ҳаётбахш куч – улуғ муҳаббат намоён. Бир неча асрдирки, сон-саноқсиз зиёратчилар ва маҳаллий аҳоли, жумладан, тақачиликларнинг ўзлари ҳам айнан шу буюк куч – соф инсоний муҳаббат тимсоли қаршисида тиз чўкиб, ҳурмат бажо келтирмоқдалар. Улар халқ орасида боқий яшаб келаётган, одамларни садоқатга ундовчи бу афсонани авлоддан-авлодга мерос қилиб қолдириб келмоқдалар. Зеро, у ҳаётнинг ўзи каби боқийдир.


Манба: http://th.uz/cgi-bin/main.cgi?lan=u&raz=1&god=2008&mes=4&id=6945