Оқ масжид

  • 20 Июль, 2015
  •   0
  • 0
  • 14331

Хива бинолари қаторида гузар масжидларини тез аниқлаб олиш қийин. Чунки кўпчилик масжидлар худди уй-жой биноларига ўхшатиб қурилган, шулар ичида Оқ масжид бошқачароқ қурилган.

Масжиднинг ташқи кўриниши, уч тарафдан ўраб олинган соя-салқин айвони, бир гумбазли биносининг учта эшиги масжиднинг жамоат йиғилиш жойи эканлигидан дарак беради. Унинг қадимги қисми ( пойдевори) Анушахон ҳаммоми билан бир вақтда қурилган. Лекин ўймакор эшиклардаги ёзувлар бинонинг 1838-1842 йилларда қурилганини кўрсатади. Худди шу вақтга келиб майдон атрофидаги ҳамма бинолар асосан қурилган бўлиб, энди усталар қолган кичик бир саҳнда бино қуришлари керак эди.

Бу бинони меъморчилиги майдоннинг маҳобатини ифода этиши, қўшни уй-жой иморатларидан унча тафовут этмайдиган бўлиши лозим эди, хивалик усталар бу вазифани аъло даржада адо этганлар.

Масжид гумбази хона ва айвондан иборат, марказий гумбаз чорси (6,35 x 6,35) хонага ўрнатилган. Хона равоқлар ёрдамида кенгайтирилган. Айвон тузилиши ва ён деворлар масжиднинг фасад композициясини аниқ белгилаб туради. Ясси том устидан баланд кўтарилган гумбаз квадрат асоси билан биргаликда узоқдан зинапоясимон кўриниш бахш этади.

Масжиднинг қулай жойлашганлиги меҳробни жанубий деворга жойлаштириш имконини берган. Бу эса хонада ва айвонда баравар намоз ўқиш имконини беради. Усталар масжидни қурганларида ва безак берганларида содда услубда қуриб, содда безаклар бериш билан чекланганлар. Ёғоч устунларда ўйма нақшлар деярли йўқ, фақат устун тепаси хакамкорий-пилаклардан териб ясалган, ёғоч ўймакорлиги санъатини усталаридан Одина Қаландар ўғли Нурмуҳаммад ва Сайидмуҳаммад ўғли Қаландарлар учта эшик безагида ўз маҳоратларини намойиш этганлар.

Эшикларнинг ислимий нақшлари ва жимжимаси бир хил услубда ишланган. Шимолий томонга қараган эшик орқасидаги деворда ҳар хил ёзувларга ўхшаш нақшлар зўрға кўринади.


Манба: http://www.khivamuseum.uz/index.php/historical-objects/mosques/29-oqmasjid