Наманган шаҳрининг Лаббайтоға даҳаси, Курашхона мавзеи Намангансой соҳилида жойлашган Мулла Бозор Охунд ёдгорлиги мажмуаси халқимизнинг тафаррук масканларидан биридир. Мазкур зиёратгоҳ тўғрисида сўз юритишдан олдин Мулла Бозор Охунд ҳақида төхталиб өтсак.
XVII асрнинг йирик мутасаввифларидан бири олим ва шайх Мулла Бозор Охунднинг тўлиқ исми Хожа Убайдуллоҳ ибн Султон Муҳаммад Бобур Қорахон Мулла Бозор Охунддир. Ул зот XVI аср охири (санаси номаълум) Наманган шаҳрида таваллуд топган. Бошланғич таълимни уйида, кейинги босқични Наманган мадрасаларидан бирида олган. Илмга ташналик уни Туркистоннинг илму фан маркази бөлмиш Бухорога олиб келган. Талабалик йиллари ошпазга шогирд тушиб тирикчилик ўтказган. Бухорода донишманд олим Мирзо Баҳодир Бухорий билан танишди, ундан таълим олди. Устозини пир, ўзини мурид ҳисоблаб, узоқ йиллар олимнинг хизматида юрди. Мирзо Баҳодирдан иршод хатини (пирнинг ёрлиғини) олгач, Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилди. Қошғарнинг Хўтан, Ёрканд шаҳарларида бўлди. У ерда Ҳидоятуллоҳ Офоқ Хўжа билан танишди. Наманганга қайтгач, қолган умрини имомлик ва мударрисликка, кишиларни тўғри йўлга солишдек шарафли, машаққатли юмушга сарф этди. Мулла Бозор Охунд ўз даврининг фиқҳ, ҳадис, тарих, география, илми ҳисоб, фароиз, адабиёт, руҳиятшунослик ва бошқа билимларни яхши эгаллаган йирик мутафаккир эди. У туркий, арабий ва форсийда ижод қилган шоир ҳамдир. Ул зот оташнафас шоир Бобораҳим Машрабга илк сабоқ берган, унинг шоир бўлиб етишишига катта ҳисса қөшган ва уни ягона Аллоҳга эътиқод, фоний дунё ҳавасларига көнгил қўймаслик руҳида тарбиялаган меҳрибон устоз эди. Мулла Бозор Охунд 1668 йил Наманганда вафот этган.
Мамлакатимиз истиқлолга эришиш арафасида, 1990 йилда маҳаллий аҳоли ҳашар йўли билан Мулла Бозор Охунд мажмуаси қурилишини бошлаб юборди. Бироқ, иқтисодий танглик туфайли бу қурилиш ниҳоясига етмай қолди. Муқаддам бу ерда мавжуд бөлган мадраса ва мақбара ХХ асрнинг 30-йилларида нивелирлаш сиёсати натижасида бузиб юборилган эди. 1993 йилда меъморий мажмуани қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўша йилнинг 25 декабрида мажмуа асосий дарвоза қисмига қозиқ қоқилди. Қурилиш ишлари 1994 йилнинг 18 майида тугатилди. Уни Наманган бош меъмори Абдужаббор Абдуғаффоров бошчилигидаги ёш, иқтидорли меъмор Одилжон Қодиров амалга оширди. Мажмуа қурилишида Уста Фозил Намангонийнинг фарзанди Уста Турғунбой Фозилов ҳамда Уста Неъматулла Қўчқоровлар етакчилигида энг малакали қурувчилар иштирок этдилар. Ушбу меъморий ёдгорлик Наманган вилояти ҳокимининг 2006 йил 5 майдаги 200-сонли қарори билан маҳаллий тоифадаги маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Мулла Бозор Охунд ёдгорлик мажмуаси 3 қисмдан иборат:
Асосий кириш дарвозаси пишиқ ғиштдан масжидга кириш жойида қурилган. Уч гумбазли, ўртадаги гумбаз каттароқ бўлиб, пастки қисми дарвоза учун мўлжалланган. Дарвозанинг икки томонида меъзана шаклидаги баланд қуббадор устунлар жойлашган. Бошқа икки гумбаз ости 3,5×3,5 метрли ҳужралардан иборат. Ҳужраларнинг давоми сифатида хоналар қурилган (9×3,5 метрли).
Жомеъ масжиднинг асосий катта хона-хонақоҳи йертўлали, пишиқ ғишт ва темир-бетон панелдан қурилган. Ўлчами 30×24 метр. Сатҳи 720 квадрат метр. Уч томони айвон. Уст унлар ва пештоқи миллий безаклар бериб пишиқ ғиштдан тикланган. Ўлчами 36×6 метр ва 24×6 метр, сатҳи 576 квадрат метр. Асосий дарвозадан киришда қибла томонда айвонга туташ ҳолда 16 метрли мезана-минора пишиқ ғиштдан безакли қилиб тикланган, "Аллоҳ, Муҳаммад" деган ёзувлари бор. Масжид 3 минг намозхонга мөлжалланган.
Мулла Бозор Охунд мақбарасида олим дафн этилган. Асосининг ўқ чизиғи 6 метр, умумий баландлиги 24 метр. Беш қиррали кўпбурчак шаклида аввал 8 метр ва кейин етти қиррали кўпбурчак шаклида призма қилиб қурилган. Устига доира шаклидаги қисм ва гумбаз барпо этилган. Мақбара кўриниши ва тузилиши исломдаги шариат, тариқат қонунларини рамзий тарзда ифода этади. Мақбаранинг дастлабки беш қиррали қисми исломдаги 5 амални, кейинги 7 қиррали қисми имондаги 7 шартни, доира шаклидаги 40 та қирра 40 фарзни ифодалайди. Бу қисмга "Бисмиллаҳир раҳманир роҳийм, Аллоҳ" деб ёзилган. Мақбара қурилишида пишиқ ғишт, темир-бетон, сопол кошинлар, ёғоч эшик ва панжаралардан фойдаланилган. Гумбази металдан ясалиб, сиртига махсус қоришмали бөёқ берилган. Мақбара ичидаги Мулла Бозор Охунднинг рамзий қабрига Хожа Убайдуллоҳ ибн Султон Муҳаммад Бобур Қорахон Мулла Бозор Охунд. 1079 йилда вафот этган (милодий 1668 йил) деб ёзилган. Шунингдек, мармар лавҳага Машрабнинг қуйидаги байти битилган:
Маърифат ишқ гулзори Мулла Бозор девона,
Ошиқларнинг сардори Мулла Бозор девона.
Мақбара ташқарисининг шимоли-шарқий томонида 2 та қабр бор. Бири Мулла Бозор Охунднинг устози ва сафдоши Домла Ниёз Охунд ибн Жалолиддин Зоминий қабри. Иккинчиси шу депарада шаҳид бўлганлардан бириники. Бу номаълум қабр улуғ мутафаккирнинг отаси дафн этилган қабр бўлиши ҳам мумкин. Бу марҳумлар хоки қурилиш ишлари жараёнида топилиб, қайта дафн этилган. Рус шарқшуноси Н.С.Ликошиннинг Нодим Намангонийдан олган маълумотлари ичида Мулла Бозор Охунд отаси ёнига дафн этилгани айтилади. Мақбара ҳовлиси композициясини диаметри 10 метрли 8 қирра ҳовуз төлдириб турибди. 2007 йил март ойида мазкур мажмуада ҳашар йўли билан таъмирлаш ишлари амалга оширилди.