Муҳаммад Раҳим-хон мадрасаси

  • 17 Июль, 2015
  •   0
  • 0
  • 14341

Муҳаммад Раҳим-хон мадрасаси — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1871). Муҳаммад Раҳим II (Феруз) қурдирган. Кўҳна аркнинг шарқий дарвозаси қаршисида жойлашган. Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси масжид, айвон, дарсхона, кутубхона ва ҳужралардан иборат. Мадрасанинг олд томони 2 қаватли, қолган томонлари бир қаватли. Бурчакларига гулдасталар ишланган. Хива меъморлигига хос услубда пештокли кошинкори нақшлар билан безатилган. 

Сирли ғиштлар "қўш" ва "бантак" ; услубида терилган. Пештоқининг икки қанотида 2 қаватли олди чуқур равоқли 5 та ҳужрага ганчкори панжаралар ўрнатилган. Бош тарзидаги миёнсарой 9 та гумбазли хонадан иборат. Масжид ва дарсхона ҳужралар билан ўзаро боғланган. Ҳовли мурабба тарҳли, уч томони 76 та ҳужра билан ўралган. Жанубида гумбазли айвон ва бошқа қўшимча хоналар бор. 

Кейинроқ, мадрасанинг олд томонига бир қаватли савдо расталари қаторидан иборат ҳовли қурилган. Муҳаммад Раҳимхон мадрасасининг умумий тузилиши ва ички тарҳи анъанавий Хива мадрасалари меъморлигидан бир оз фарқ қилади. Умумий тарҳи —62,4х49,7 м; ҳовли —28,3х28,8 м; дарсхона —5,4х5,4 м; масжид — 7,0*7,0 м; савдо қаторлари — 25,0х50,0 м; ҳовли 16,9х42,5 м.


Манба: https://uz.wikipedia.org/wiki/Muhammad_Rahimxon_madrasasi