Мир Араб мадрасаси

  • 16 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 27423

Бухородаги меЪморий ёдгорлик. Бухоро хони мумтоз шоир Убайдуллахон инЪом этган маблағ ҳисобига Шайх Абдулла томонидан қурилган (1530—36). Мир Арабнинг асл исми Саййид Абдуллоҳ. Амир 22 ёшида Самарқандга келиб Хожа Аҳрорга шогирд тушган. Туркистоннинг Саброн (Саврон)ида 2 кориз (ер ости ариғи) қаздирган, сув чиқарган, қалЪа бино этиб, Шофиркон, Вобкент, Ғиждувон туманларида кўп жойларни обод қилган (Шофирконда Мир Араб қалЪаси сақланган). У нақшбандия тариқатининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Мадраса қурилишини ниҳоясига етказа олмаган, 1536 ййил бошида Мир Араб вафот этган ва унинг васиятига кўра куёви Шайх Закариё қурилишни охирига етказган.

Хаттот Мирали Фатҳободий — Бухорий ушбу форсий қитЪани Мадраса дарвозасига ёзган: "Мир Араб фахри Ажам онки кард — Мадрасаи олии бас бул ажаб. Бул ажаб он аст ки тарихи у: Мадрасаи олии Мир Араб". Мадраса Минораи калоннинг қаршисида жойлашган. Бош тарзи улкан пештокли, дарвозаси орқасида 5 гумбазли миёнсарой, икки ёнида баланд гумбазли кенг дарсхона ва масжид, гўрхона жойлашган. Кошинкори нақшлар ёзувлар билан уйғунлашган (сақланмаган). Гўрхона ичи гумбаз ости бағали қалқонсимон муқарнасли, шипи ва деворлари ганч ўймакорлигида безатилган, изораси рангбаранг кошинли. Гўрхонада Убайдуллахон (1537 й. в. э.)нинг ёғочдан хотамкори усулида ишланган сағанаси ва Мир Араб, унинг қариндошлари қабрлари бор.

Мадрасанинг умумий тарҳи 68,5х51,8 м, ҳовли 35,4х31,3 м, дарсхона 8х8 м. Ҳовлиси тўртбурчак шаклида бўлиб, атрофини олди равокли, икки ошёнли 114 ҳужра ўраб туради. Томонлар ўртасидаги 4 баланд пештокли дарсхона — айвон ҳовли маҳобатини оширади. Тузилиши жиҳатидан нақшинкор жан. пештоқнинг дастлабки қиёфаси сақланиб қолган, бу нақшларнинг таркибий қисмида юлдузсимон безаклар учрайди. Ундаги безакларнинг сақланиб қолган айрим парчаларидан нақшлар ғоят нафис ва нозик бўлганлигини билиш мумкин. Ривоятларга кура, Мадраса асоси чуқур қилиниб, тоғ тошлари билан мустаҳкамланган, қор, ёмғир сувини қочириш учун тазарлар ишланган, улар орқали сувлар шаҳар қўрғонидан ташқарига чиқарилган. Мир Араб мадрасасида Ўрта Осиё диний мактаблари қурилишига хос анЪанавий лойиҳа ва мужассамот ўз ифодасини топган. Бухоронинг 2500 й.лиги муносабати билан Мадраса пештоғи ва гумбазларидаги тўкилиб кетган кошинкори нақшлар ва ёзувлар қайта тикланди. Мир Араб мадрасаси диний ўқув юрти. Мадрасада талабалар ислом динидан сабоқ оладилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида. Шўролар даврида фаолияти вақтинча тўхтатилган, 1945 йилда яна тикланган. Ўқув муддати 4 йил. Ўқув юрти кундузги бўлимига 15 ёшдан 35 ёшгача бўлган ўрта ва тўлиқсиз ўрта маЪлумотли кишилар қабул қилинади. Диний фанлар ҳамда умумтаЪлим фанлари ўқитилади. Талабаларга араб, инглиз, рус ва форс тиллари ҳам ўргатилади. Дарслар ўзбек ва араб тилларида олиб борилади.


Манба: Wikipedia, samarkandtour.com