Маҳмуд Эшон масжиди

  • 23 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 9529

Маҳмуд Эшон масжиди - Наманган шаҳрининг Марғилон (Сим) кўчасида жойлашган. Бу ҳашаматли бинонинг биринчи навбати 1908 йилда Мулла Бувабой маблағи ҳисобига уста Исматиллоҳ бошчилигида қурилган. Хонақоси ўлчамлари 12х18х2,7 метр.

Кейинчалик унинг атрофига қўшимча бино тикланди. Умумий ҳажми 30х45 метр, кейинроқ эса 2-қават қурилди. Ҳар икки қаватнинг баландлиги 6 метр. Кейинги навбат қурилиши Мулла Йўлдошбой томонидан бажарилган. Хонақоҳ ганчкорлик ва наққошлик санъати билан бирмунча соддароқ безатилган. Меҳроб тепасига Қурондан ойатлар битилган. Маҳдум Эшон масжидининг ташқи ойнабандли айвон мажмуи ёғоч ўймакорлигининг юксак намунаси ҳисобланади. Бино қурилишида асосан ёғоч ишлатилиб, атрофи равон ҳолида ёпилган. Баланд гумбазли дарвозахона (15х4 метр) асосий кириш йўли ҳисобланади. 1957–58 йилларда маҳаллий фуқароларимиз ва намозхонларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан масжид қайтадан таъмирланган.

1928 йилгача масжид сифатида фаолийат кўрсатган. 1943 йил диний муассасалар қайта тикланган пайтдан бошлаб, давлат рухсати билан масжид сифатида қайта ташкил этилди ва ҳозирги кунга қадар фаолийат кўрсатиб келмоқда. Масжидда узоқ даврлар мобайнида улуғ уламолардан марҳум Абдукарим ҳожи домла, Мулла Ҳошимхон қори домла ва Яҳёхон тўра домла хизмат қилиб келишган. Масжидга жомеъ мақоми берилган бўлиб, жума ва ийд намозлари, ҳамда никоҳ ўқилади.


Манба: http://www.nmn.uz/uz-Cyrl-UZ/Sanctity/Architectural#tab9