Исмоил Сомоний мақбараси

  • 17 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 62339

Ўрта Осиёда Сомонийлар даври меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган бу тарихий обида Исмоил Сомоний томонидан бунёд этилган.

Исмоил Сомоний шахси ҳақида гапирадиган бўлсак, у Бухорода Сомонийлар давлатига асос солган йирик сиёсий арбоб ҳисобланади. Исмоил Сомоний 848-йил Бухоро шаҳрида туғилган, 874-йилда сомонийларнинг Бухородаги ноиби, 888-йилдан эса бутун Мовароуннаҳрга ҳоким бўлган. Исмоил Сомоний марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб бориб, турли ерлардан уламолар, адиблар, уста ва ҳунармандларни Бухорога тўплаган. Маданият ривожига катта ҳисса қўшган. Бағдод халифаларидан ибрат олиб, ўзига улкан мақбара қурдирган. 893-йилда Тарозга юриш қилиб шимолий чегараларни мустаҳкамлаган. 900-йилда Мовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштирган.

Меъморий обида бунёд этилган даврда Ўрта Осиёда араб халифалигидан мустақил маҳаллий давлатлар ташкил топа бошлади. Хуросонда Тоҳирийлар, Мовароуннаҳрда эса Сомонийлар давлати вужудга келди. Маҳаллий давлатлар ягона марказ атрофида бирлаштирилиб, илм-фан юксалган. 874-йилда Исмоил Бухоро ноиби этиб тайинланди. Бу пайтда Мовароуннаҳрда акаси Наср ҳукмронлик қилаётган эди. Наср ва Исмоил ўртасидаги муносабатлар 888-йилда бузилади ва бу урушга олиб келади. Урушда ғалабага эришган Исмоил бутун Мовароуннаҳрга ҳоким бўлиб олади. 893-йилда у Тарозга юриш қилиб Шимолий чегараларни мустаҳкамлаган.

Исмоил Сомоний мақбараси ўрта асрларнинг ривожланган даврида (IХ-Х аср), 864-868-йиллар оралиғида, ҳозирги Бухоронинг эски шаҳар қисмида қурилган.

Иншоот қабр вазифасини бажарганлиги сабабли, унинг интерери уч поғонали (тўртлик – тўрт девор, саккизлик – девордан томга ўтиш қисми ва гумбаз – том кўринишдаги) бир хонали квадрат шаклни ташкил қилган.

Унинг қурилишида пишган ғишт, тош ва ёғочдан фойдаланилган. Мақбаранинг дизайнига тўхталадиган бўлсак, жимжима ғиштин безаклари чивиқли тўсиқ ёки қамиш, бўйра тўқимасини эслатади. Девор қалинлиги – 1,8 м., тарҳи – ташқариси 10,80×10,70 м., ичкариси 7,20×7,20 м. Усти гумбаз билан қопланган. Тўрт бурчаги устунсимон шаклда ишланган, гумбаз атрофига 4 қубба ўрнатилган. Девор тепасида кунгирасимон дарча (40 та). Ҳар бир дарча ҳошияланган. Равоқ тепасидаги қанос ғиштин тангачалар маржони билан чегараланган. Икки четига майда-майда ғиштдан чорсу тумор ясалган. Бино ичкариси ташқаридаги бино билан узвий боғлиқ бўлиб, услуб жиҳатидан бир хил. Ички девор гумбаз ости бағалидаги устма-уст равоқчалар – устунчаларга таянган. Равоқчалар 8 қиррали гумбаз асосини ташкил қилади. Қирралар бурчагига гумбазга тиргаклик қилувчи устунчалар ишланган. Археологик қазилма вақтида (1927) хона саҳнида 2 ёғоч сағана борлиги аниқланган. Исмоил Сомоний мақбараси 4 томони бир хил чордара шаклида, унинг тузилишида қадимий суғд меъморчилигининг анъаналари сақланиб қолган буюк меъморий асар.

Исмоил Сомоний мақбараси жаҳон меъморчилик ва бинокорлик мактабларининг ноёб асари ҳисобланади. Тенги йўқ бу архитектуравий ёдгорликни архитекторлар ва бинокорлар фахр билан тилга оладилар, тарихчилар яратилишини ўрганадилар, санъат аҳли эса унинг тасвирларини турли хил буюмларда севиб акс эттирадилар.

Исмоил Сомоний мақбараси IХ асрда Бухорода меъморчилик санъати, бинокорлик техникасининг нақадар юксалганлигини ва ривожланганлигини кўрсатади. Ана ўша даврдан бошлаб бинокорликда юқори сифатли пишган ғишт, албастрли қоришмалар ишлатилган.

Ушбу нодир обидани тиклашгача бўлган даврда Бухорода математик билимлар, хусусан геометрия жуда яхши ривожланган.

Профессор М.Булатов томонидан уни барпо этишда қўлланилган ҳандаса қоидалари ва қонуниятларини ўрганиш асосида докторлик диссертацияси ёзилганлиги ҳам бежиз эмас. Ҳали иншоотнинг ўрганилмаган қанчадан-қанча қирралари, қонуниятлари, қоидалари, қурилиш усуллари бор.

Юксак профессионал даражада барпо этилган бу тарихий ёдгорлик ўша даврдаги энг тажрибали қурувчиларни, энг қобилиятли меъморларни лойиҳалаш ва қурилиш усуллари билан қуроллантирганлиги, уларнинг билим ва малакаларини нечоғлик оширганлиги сир эмас.

Исмоил Сомоний мақбараси марказлашма иншоот бўлиб, унинг асосий ҳажмини тўрт девори кўтарилган сари билинар-билинмас енгил қийшайтирилган куб ва фазовий гумбаз ташкил қилади. Девор квадратлари билан гумбазни туташтирувчи конструксия иншоотнинг ўзига хос жиҳатларидан ҳисобланади. Мақбаранинг барча фасадлари бир хилда бажарилган. Деворлар ичкари ва ташқи томондан безакли қилиб юқори сифатли пишган ғиштдан бежирим терилган, қурилишда ўймакорлик усулларидан ҳам фойдаланилган.

Декоратив ғишт терими иншоотга енгиллик ифодасини бахш этган. Кириш эшик проёмлари стрелка шаклидаги арка кўринишида бажарилган. Бу ечимлар, айниқса, стрелкали арка ва гумбазли том конструксиялари, кейинги даврда нафақат Бухоро меъморчилигида, балки бутун Марказий Осиё меъморчилигида ҳам кўп ишлатилган.

Зарурияти туғилган гумбазли ёпмаларни ишлатишнинг ижобий томонлари кўпдир. Улардан бири шундан иборатки, ўша даврда узоқ вақтга чидайдиган конструксияларнинг эгилиш қисмларида ҳам яхши ишлайдиган темирбетонга ўхшаган буюм ва конструксиялар деярли мавжуд бўлмаган. Шу сабабли ҳам том ёпма шундай кўринишда бажарилганки, у шакл бўйича бунёд этилган ҳар қандай конструксия асосан сиқилишга ишлаган. Натижада иншоотларнинг проёмлари кўрсаткичли арка шаклида, том ёпмалари эса гумбаз шаклида ғишт теримидан мустаҳкам қилиб тикланган.

Бошқа томондан, қуруқ ва иссиқ иқлимли, қуёшнинг катта радиацияси ерга тушадиган шароитда гумбазли ечим самаралидир. Қуёш нури гумбазли томнинг фақат қайсидир бир бўлакчасига тик тушиб, ўша қисминигина кўп иситади; шу вақтда гумбазли ёпманинг қолган қисмларига радиация тик тушмайди ва том кўп исимайди. Гумбазли ёпманинг учинчи жиҳати шундан иборатки, бундай сиртдан иссиқлик тез кетиб, том тезда совийди. Шамол эсганда эса, бу жараён яна ҳам интенсивлашади.

Исмоил Сомоний архитектуравий ёдгорлиги ХIасрдан ортиқ вақт ичида яхши ҳолда сақланиб қолган. У жаҳон архитектурасининг такомиллашган асари, «Шарқнинг меъморий дурдонаси» деган номлар билан ҳам аталади. Ёдгорлик арабларгача бўлган давр анъанаси асосида бажарилган бўлса-да, у нафақат Бухорода, балки Марказий Осиё меъморчилигида ҳам янги стил, янги шакл ва янги ечимларни яратишнинг кейинги тараққиётини аниқлаб берган.

Бино гумбазининг ўртасида ёруғлик тушиши ва иссиқ ҳавонинг чиқиб кетиши учун гумбазча билан ёпилган барабан конструксия ўрнатилган бўлиб, унинг ён томонларига аркали проёмлар қўйилган. Иншоот деворларининг ташқи бурчаклари нақшли устунлардан, деворлар ва кириш эшикларининг аркалари эса безакли, жило берилган ғиштлардан моҳирона ишланган. Гумбазли бино интерери билан чуқурроқ танишилса, уни яратиш санъати олдинги вақтлардан бошланганлигига ва анъанага айланганлигига ишонч ҳосил қилинади. Ёдгорликнинг архитектуравий таҳлили уни Eрон, Месопотамия меъморчилиги билан генетик боғлиқликда эканлигидан гувоҳлик беради.

Бу иншоотда бир неча тектоник ечимлар бир бутунликда, яхлитликда ишлаб чиқилганлигини инкор этиб бўлмайди. Турар-жой ва маданий архитектура асосларидан ишонч билан фойдаланганлик ушбу иншоот мисолида Бухоро меъморчилик мактабининг ўша даврда юксак даражада ривожланганлигини кўрсатиб турибди.

Демак, Исмоил Сомоний мақбарасининг ҳажм – самовий ва конструктив структураси ундан кейин қурилган гумбазли биноларнинг ривожланишини аниқлаб берган. Меъморий нақшлар, чиройли жимжимадор безак элементлари, ниҳоятда гўзал ва бежирим бадиий ифодалар ўша даврда ғишт териш санъатининг гуллаб-яшнаганлигидан далолат беради. Мақбарадаги ғиштларнинг юксак бадиий дид билан терилганлиги унинг жаҳон меъморчилиги ажойиб дурдоналари силсиласидан ўрин олишига асос яратган.

Мақбара гумбазсимон, Мовароуннаҳр ва Хуросон меъморчилигининг ўзига хос “Чор” услубида қурилган. Меъморий обиданинг ўзига хос томони шундаки, у Ўрта Осиё архитектура ва санъат тарихидаги дастлабки мақбаралардан биридир. Исмоил Сомоний мақбараси лойиҳасидан тортиб, ҳажмий тузилишигача геометрик тартиб асосида яратилганлиги унинг бошқа мақбаралардан фарқлантирувчи хусусиятидир. Мақбара ўз даврида сомоний амирлари дафн этилган дахма ҳисобланган.

Ҳозирги кунда меъморий иншоот атрофлари боғга айлантирилган. У архиологик қазишмалар орқали топилганлиги учун 60-50 см пастда жойлашган. Бугунги кунда бу иншоот ислом дунёси маърифатпарварлари ва алломаларининг диққат-марказида ҳамда туристларнинг саёҳатгоҳига айланган.

Мақбарага Ўзбекистон ҳукумати томонидан берилаётган эътиборга тўхталадиган бўлсак, 1997-йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Бухородаги барча обидалар қаторида Исмоил Сомоний мақбараси ҳам қайта таъмирдан чиқди. ЮНEСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилди. 1993-йилда Бухоро шаҳрининг тарихий маркази (1-сессия, Колумбия) “Бутунжаҳон маданий мерослари рўйхати”га киритилган.

2000-йил 30-августда “Маданий мерос обйектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғриси”даги қонун қабул қилинди. Давлатимиз томонидан қабул қилинган ушбу қонунлар меъморий иншоот муҳофазасининг ҳуқуқий кафолатидир.


Манба: http://www.samarkandtour.com/attractions/dostoprimechatelnosti_buharyi/mavzoley_samanidov.html

Галерея