Ҳазрати Имом мажмуаси

  • 17 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 21203

Тошкентдаги Ислом маъҳадида ўқиб юрган кезларимизда, кейинчалик масжидларда имом-хатиб бўлиб ишлаган пайтларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси жойлашган Бароқхон мадрасасига тез-тез келиб турардим. Гапнинг рости, идора шаҳарнинг Эски шаҳар қисмида жойлашгани учун бу ерда жамоат транспорти қатнови муаммо эди, бу мавзега келиб-кетишнинг ўзи бўлмасди. Бунинг устига Ҳазрати Имом мавзеидаги масжид ва мадрасалар, бошқа тарихий ёдгорликлар анча қаровсиз, ҳолда эди. Тор, эгри-бугри кўчалар кўпда тозаланмас, ахлат уюмлари ҳатто идора ёнида ҳам тўпланиб қоларди. Бу ерга кўплаб хорижий сайёҳлар келиб туришига қарамай, мусулмонлар идораси тасарруфидаги бинолар атрофини обод қилиш ҳақида ҳеч ким бош қотирмас эди. Ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимов эслашича, Ислом оламида машҳур бўлган улуғ аллома Қаффол Шоший мақбараси атрофи олдин мол бозори, сомон бозори бўлган, кейинчалик уни кўчириб, чайқов бозори очишган. Бароқхон мадрасаси ҳужраларида оврупалик ногирон ва сўққабошлар яшаган. Бошқа меъморий ёдгорликлар, осори-атиқаларнинг ҳолати ҳам бундан яхши эмас эди. 

2007 йил бошида Президентимиз Фармони билан Ҳазрати Имом (Ҳастимом) жамоатчилик жамғармаси ташкил этилиб, Ҳазрати Имом мажмуасининг асл тарихий қиёфасини тиклаш бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик ишлари олиб борилди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги биноси, беш минг намозхонга мўлжалланган ҳашаматли жоме масжид ва унинг эллик икки метрли икки минораси, Ислом маъҳади биноси қуриб битказилди, “Тилла Шайх”, “Мўйи муборак”, “Намозгоҳ” масжидлари, Бароқхон мадрасаси ва бошқа обидалар қайта таъмирланди, катта ободончилик ишлари олиб борилди, янги майдонлар, йўллар барпо этилди. 

Ҳазрати Имом мажмуасининг қурилишига муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолик қилдилар, айтиш мумкинки, унинг том маънодаги меъмори бўлдилар. Президентимиз ушбу мажмуа кўпчиликка пишиқ ва гўзал, қулай ва улуғвор иншоот ўлароқ хизмат қилишини, асрлар оша давримиздан қадрли нишона бўлиб қолишини ўйлаб, уни барпо этиш ишларига шахсан бош- қош бўлдилар. 2007 йил 25 апрел куни Юртбошимиз Ҳазрати Имом мавзеига ташриф буюрдилар. Бу пайтга келиб, тарихий обидалар таъмири охирига етаётган, мажмуа хиёбонлари созланаётган, идоранинг янги биноси битган, жоме масжиди қурилиши эса жадал бораётган эди. 

Ишларнинг бориши билан яқиндан танишган Президентимиз ўшанда: “Аждодларимиз қайси замонда бу иморатларни қандай тиклашган бўлса, худди ўшандай қилиб таъмирлашимиз, биттаям замонавий чизги қўшмаслигимиз керак. Бу улар хотирасига ҳурмат саналади. Қолаверса, ёшларимиз, келажак авлодлар ўтган аждодларимиз санъати, маҳоратидан воқиф бўлсинлар. Бу ерга узоқ-узоқлардан келадиган меҳмонлар, сайёҳлар ҳам ота-боболаримиз меъморлигининг ўзига хосликларини кўриш учунгина ташриф буюришади, шуни асло унутмайлик”, деб қимматли маслаҳатларини бердилар. Шундан кейин роса қирқ кун ўтиб, Юртбошимиз Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиш мақсадида бу ерга иккинчи марта ташриф буюрдилар. Бу сафар ҳам мажмуа ҳудудини янада обод қилиш, уни мамлакатнинг асосий зиёратгоҳларидан бирига айлантириш юзасидан яна қимматли маслаҳатлар, йўл-йўриқлар бердилар. У кишининг айтганлари, орзулари рўёбга чиқди, ҳозир мажмуадан юртдошларимиз ва чет эллик зиёратчиларнинг қадами узилмаётир


Манба: http://kamolon.uz/kutibxona/dolzarb-mavzu/130-hazrati-imom-majmuasi.html