Кўкча даҳасидаги мадрасалардан бири Санчиқмон маҳалласидаги Эшон Бўрихожа Санчиқмоний мадрасаси бўлиб, у Қўқон хони Умархон даврида (1810–1822) пишиқ ғиштдан қурилган. Архив ҳужжатларида, мадраса 1820 йили қурилди, деб кўрсатилган. Бундан ташқари, Кўкча даҳасининг Пичоқчилик маҳалласида Шарафбой мадрасаси бўлган. “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида келтирилишича, Тошкентда иккита Шукурхон номли мадраса бўлиб, бири Кўкча даҳасидаги бозор ёнида, яна бири эса Себзор даҳасида, Тинчбоф гузарида қурилган. Кўкча даҳасидаги мадрасалар дарсхона, ҳужралар ва масжиддан иборат ўртача мадрасалар бўлган. Ҳозирги кунда бу мадраса - Тўхтабой жомеъ масжиди деб юритилади.