Дарёбўйи масжиди

  • 23 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 7662

Дарёбўйи масжиди - Учқўрғон шаҳридаги ушбу масжид Норин дарёси бўйида қурилганлиги сабабли, Дарёбўйи масжиди деб номланади. Масжид 1914 йилда Зикрхўжа эшоннинг маблағи ҳисобига уста Абдурайим томонидан қурилган. Зал квадрат шаклида. Зал ва айвонда пишган ғиштдан меҳроблар қилинган. Деворлари қўш синчли. Бино шифтига вассажуфтлар терилган. Таъмирдан сўнг фанер билан қопланган. Масжид томи пештоқига пишган ғиштдан данданалар билан ишлов берилган. Шифтга геометрик шаклдаги ўйма намоён ўрнатилган.

Айвон шифтининг ўртаси ҳавоза усулда безатилган. Бинонинг ички деворларига ганч ўймакорлиги намуналари билан, шифтга эса турли ранглардаги мойли бўёқлар билан безак берилган. Бино ташқи томондан сомонли лой билан, ички томондан гипсли лой билан сувоқ қилинган.

Масжид биноси асосан синч билан қурилган. Тўғри бурчакли деразалар геометрик шаклдаги бўлакчаларга бўлинган. Бинонинг ҳажми 29,4х13,3 метр, залнинг катталиги 13,3х14,2 метр.

Бу eрда 1915-16 йилларда масжид атрофига Саидхўжа эшон маблағи ҳисобидан минора, чиллахона ва ҳужралар қурилди. 1928 йилда буларнинг барчаси вайрон қилинди. Ҳозирда маҳаллий аҳоли жомъе масжиди сифатида фойдаланмоқда.


Манба: http://www.nmn.uz/uz-Cyrl-UZ/Sanctity/Architectural#tab5