Термизий мақбараси, Абу Исо Термизий мақбараси — Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги меъморий ёдгорлик (11-12 асрлар). Абу Исо Муҳаммад Термизий қабри устига қурилган. Ҳозирги кунда ёдгорлик бир-биридан равоқлар орқали ўтувчи 4 хона (бўлма)дан иборат яхлит бино кўринишида, хоналар тарҳи 4,3х4,5 м. Шимоли-шарқий тарзи айвон қурилиши муносабати билан кейинчалик тўсилган. 3 хонали бўлма мурабба тарҳли, улардан жанубдагиси гўрхона. Унда мармар сағана бор. Сағана 3 поғонали, муқарнас нақш ва ёзувлар билан пардозланган. Гўрхонадан тор узун йўлка орқали хонақоҳга ўтилади. Хонақоҳ поли гўрхонага нисбатан пастроқ бўлиб, улар оралиғи кенг равоқ билан ажратилган. Хонақоҳ гумбаз томли, меҳробли. Ёнидаги 2 хонадан шимоли-шарқий тарзига чиқилади. Хонақоҳ олдидаги 3 айвон гумбазли, қалқонсимон бағалли, деворларига 4 равоқ ишланган, пишиқ ғиштдан ҳошиялар терилган. Термизий мақбараси ганжкори безаклар билан пардозланиб, ташқи деворларига 6 ғиштин равоқли намоёнлар ишланган.
Тобадонларига оқ ганждан панжаралар ўрнатилган. Равокдари ғишт қалинлигида ҳошияланган. Термизий мақбараси бош тарзини кичик кўшксимон гумбазли қурилма эгаллаган. Ёдгорлик ҳақида илк бор Д.Н.Логофет йўл очеркларида тилга олган. 1945 йил В.Л.Воронина меъморий ўлчамларини бажарган. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Термизий мақбарасида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сагғанаси ва ганжкори панжаралари қайта ўрнатилди.