Тиллакори мадрасаси

  • 17 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 34329

Тиллакори мадрасаси - Самарқанддаги меʼморий ёдгорлик. Регистон ансамблица Улуғбек даврида бунёд этилган Мирзойи карвонсаройи (15-а.) ўрнида Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир Мадраса ва жоме масжид қурдирган (1641—46). Карвонсарой асоси устига Мадраса (шим. шарқий қисмида), ҳужралар ўрнида пештоқ гумбазли масжид (ғарбида) жойлашган. Дастлаб "Ялангтўшбий кичик мадрасаси" деб номланган. Кейинчалик масжид безагида бошқа бир обида қурилишига етадиган миқдорда олтин сарфлангани учун "тиллакори" (тилладан ишлов берилган) деб юритила бошлаган. Т.м.дан шаҳар жоме масжвди ва Мадраса сифатида фойдаланилган. Шунинг учун масжиди (63х22 м) катта ва серҳашамлиги билан бошқа мадрасалардан ажралиб туради. Мадраса (70х70 м) га ғарбий пештоқ орқали кирилади. Пештоқ чуқур равоқли, 2 қанотининг олди равоқли, 2 қаватли ҳужралар, бурчакларини тенг ҳажмдаги гулдаста мезаналар эгаллаган. Масжид хонақоҳи (10,8х10,8 м)нинг пойгумбази баланд, узоқдан кўзга ташланиб туради. Унинг гумбази ниҳоясига етказилмаган. Хонақоҳ тўрига мармардан меҳроб ва зинапояли минбар ишланган. Ўз даврида зарҳал нақшлар билан жозибадор безатилган хонақоҳнинг 2 ёнини олди равоқли, гумбаз томли айвон (йўлак)лар эгаллаган. Пештоқ равоғидаги мармар тахтачада безак ишлари 1659—60 й.ларда бажарилганлиги ёзилган.

Т.м. бир неча бор таʼмир қилинган. 1817 й.да амир Ҳайдар буйруғи билан зилзиладан зарар кўрган пештоғи қайта тикланиши жараёнида шакли бузилган. 1885 й.даги таʼмир вақтида зарҳал нақшлар оддий бўёқлар билан алмаштирилган. Т.м.да Самарқанд таʼмирлаш устахонаси ташкил этилиб (1930), кошинларнинг қад. рангини топиш йўлида тадқиқот ишлари олиб борилган. Т.м.даги йўқолиб кетаёзган ноёб зарҳал нақшларни усталар илмий ўрганиб, қайта тиклади (1970). Бинокорлар мадрасанинг Регистонга қараган пештоғини Шердор Мадраса ва Улуғбек мадрасаси билан мослаштириб қайта қурди. Пештоқ равоғи ва равоқ ичидаги қалқонсимон бағали, гулдастаси ҳамда хонақоҳ гумбази, ичидаги тилла ҳалли бўртма нақшлари қайта жилоланди (1974). Баланд гумбази устига феруза ранг кошин билан қопланган гумбаз ўрнатилди. 

Бош тарзидаги безак мавзуларининг бойлиги, ички ва ташқи нақшларнинг серҳашамлиги, пештоқ қаноти ва токчасидаги ироқи каштани эслатувчи безаклар, бўртма ёзувлар ўзига хосдир. Равоқ бурчаклари, безакли тоқиларни тўлдиришда кошинпаз усталар турли усулларни қўллашган (ғиштларнинг майда нақшлари кошинларнинг ҳандасий ва ислимий нақшлари билан мослаштирилган). Кошинкори равоқларда яшил тангачалар, сарғиш япроқлар ва феруза поялар акс эттирилган. Хонақоҳ изораси кошин намоён, девори, гумбази ва бағали кундал услубидаги серҳашам нақшларга бой. Меҳроб равоғи ва бағали муқарнас косачалар билан тўлдирилиб, зарҳал берилган ҳамда Қурʼон оятларидан олинган бўртма ёзувлар билан ҳошияланган

Эшиклар мураккаб нақш ва ёзувлар билан ёғоч ўймакорлигида пардозланган. Ҳовли саҳни (50х50 м)га мармар ётқизилган. Атрофидаги ҳужраларга эшик, тобадонига панжаралар ишланган. Ҳужралар ёз кунлари ҳам салқин бўлади. Т.м.да музей ташкил этилган бўлиб, унда мадрасани таʼмирлашга оид нарсалар сақланган.


Манба: https://ru.wikipedia.org/wiki/Медресе_Тилля-Кари