Темурийлар тарихи давлат музейи

  • 17 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 32534

ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи 1996 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида бунёд этилган. Музейни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 14-мартдаги 99-сонли қарори қабул қилинган.
Музейнинг асосий мақсади Амир Темур ва темурийлар даврида илм – фан, маориф ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини ҳаққоний акс эттириш ва кенг тарғиб қилиш, чуқур инсонпарварлик руҳи билан суғорилган тарихий ютуқларимиз ва анъаналаримиз асосида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдир.
Музей фондининг асосий қисми Амир Темур ва темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар, турли давлатлар ҳукмдорлари билан олиб борилган ёзишмалар, тангалар, сопол ва мис буюмлар, меъморий безак қопламалари, китоблар, этнографик буюмлар, юртимиз рассомлари асарлари каби нодир экспонатлардан иборат. Экспонатларнинг сони эса 2,5 мингдан ошади. Айни пайтда музей залларидаги “Ўзбекистонда ёзув маданияти ва тарихи”, “Шоҳруҳия қалъа-шаҳри”, “Хориждаги меросимиз”, “Амир Темур-Клавихо-Самарқанд”, “Амир Темур ҳаётидан лавҳалар”, “Амир Темур ва темурийлар даври - рассомлар нигоҳида”, “Амир Темур ва темурийлар даври тарихи олимлар ва ёзувчилар назарида” каби кўргазмаларда 1,5 минг экспонат намойиш этилмоқда. Яқинда “Темурийлар тарихи давлат музейи 10 ёшда” мавзуидаги янги экспозиция очилди.


Манба: http://toshkent.uz/uz/article/461/