Ўзбекистон давлат санъат музейи

  • 22 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 39998

Ўзбекистон давлат санъат музейи — маданий-маърифий, илмий муассаса; Ўрта Осиёда илк бор ташкил этилган бадиий музей. 1918 йилда Тошкент шаҳрида Халқ университети музейи сифатида асос солинган; кейинчалик Марказий бадиий музей, 1924 йилдан Тошкент санъат музейи, 1935 йилдан ҳозирги номда. Музей Тошкентда яшаган княз Н.К.Романовнинг шахсий тўплами (рус ва Ғарбий Европа рассомлари яратган портрет ва тарихий картиналар, графика ва ҳайкалтарошлик асарлари, бадиий мебел, чинни буюмлар ва бошқалар) негизида вужудга келган. Туркистон ўлкашунослик музейининг бадиий бўлимидан ва бошқалар музейларнинг фондларидан, шахсий тўпламлардан санъат асарлари келтирилиб бойитилган (В.Л. Боровиковский, К. П. Брюллов, В. А. Тропинин, И.М.Никитин, О.А.Кипренский, И.К.Айвазовский, С.В.Иванов, И.Н. Крамской, Н.Н.Ге, А.К. Саврасов, И. И.Шишкин, В.Г. Перов ва бошқалар); музейда 19-аср рус рассомларининг нодир асарлари тўпланган (И.Е.Репин, В. А. Серов, И.И. Левитан, Н.К.Рерих ва бошқалар). Музей фонди 50 мингдан зиёд экспонатга эга (2005), томошабинлар сони йилига 250 мингдан ошади.

Музей экспозицияси санъат жанри ва турларига ажратилган ҳолда хронологик тартибда тузилган. Ҳар бир залдаги экспонатлар санъат турлари, мактаблари, анъаналар ва ҳозирги ривожланиш марказларига қараб жойлаштирилган. Экспозиция Ўзбекистоннинг қадимий санъат ёдгорликлари — Зарауцой расмлари, Холчаёндан топилган ҳайкалларни, сўнг Ўзбекистон халқ амалий безак санъатини намойиш этиш билан бошланади. Ўрта Осиёда яшаб ижод этган рассомлар (И.С.Казаков, Н.Н.Каразин, Р.К.Зоммер ва бошқалар)нинг 250 га яқин санъат асарлари тўпланган, шу ерда ишлаган рассом П. Бенков, А. Волков, М.И.Курзин, Усто Мўмин (А. Николаев), О. Татевосян, В. Уфимсев, Н.В.Кашина, З.М.Ковалевская ва бошқаларнинг асарларига экспозициядан алоҳида ўрин берилган.


Манба: https://uz.wikipedia.org/wiki/Oʻzbekiston_davlat_sanʼat_muzeyi