Ал-Хоразмий номидаги меҳмондўстлик майдонида жойлашган Ота дарвоза Ичан-қалъани ғарбий қисмидаги асосий дарвоза ҳисобланади. Ушбу дарвоза орқали қадимий ва навқирон Хивага ташриф буюрган сайёҳлар шаҳарга ташриф буюрадилар.
Дарвозанинг ичкари қисмида 13 та савдо растаси, бостирмали бозор – чорсу бўлган. Унинг ўнг томонида эса Муҳаммад Аминхон мадрасаси (1855 йил) чап томонидан Арк (Кўҳна-Арк) жойлашган. Дарвоза ичкарисида хорижий мамлакатлардан келган савдогарлардан бож ундириладиган «Божхона», пул алмаштириладиган «Саррофхона» бўлган. Дарвозанинг бўйи 10 метр, эни 4 метр. Тўртта асосий хонаси бўлиб, XX-асрнинг 20-йилларида йиқилиб кетган ва 1975 йили асл ҳолида қайта тикланган.