Нуруллабой мажмуаси

  • 20 Июль, 2015
  •   0
  • 0
  • 13804

Хивадаги Нуруллабой саройи энг ҳашаматли, энг жозибали, энг кўркам ва мафтункорлиги билан бошқа саройлардан ажралиб туради.

Ичанқалъада иморатлар сони кўпайиб, янги - янги боғ–роғли жойлар қуриш имкони камайгач, Муҳаммад Раҳимхон I ўз ўғиллари Маҳмуд тўра, Муҳаммад тўраларга шаҳарнинг ғарбий томонидан ҳовли жойлар қуриб беради. Сайид Муҳаммад тўра хон бўлгач, (1856 й) эса бу уйларга яқин жойда бир кўринишхона қурилишини вазири Хасанмурод Қушбегига топширади. Баёний ва Огаҳийларниг ёзишича “Нуруллабой” номи билан машҳур боғдаги янги иморатларнинг кун чиқар томонида қурилган бу кўринишхона жуда чиройли бўлиб, унга Огаҳий шундай тарих айтган:- “Кўринишхона у вало” (улуғ кўринишхона) ушбу сўзлардан абжад ҳисоби бўйича ҳижрий 1276 мелодий 1859 йиллар топилди. 

Ўз даврида кўринишхонада ёз пайтида очиқ ҳавода қабул маросимлари ўтказилган. Сайид Муҳаммадхондан кейин тахтга кўтарилган ўғли Муҳаммад Раҳимхон II (1864-1910) хивалик савдогар бой Нуруллабойдан боғини сотишни сўрайди. Шунда Нуруллабой хонга, у аввалдан халқ ўртасида бўлиб келган «Нуруллабой боғи» номини ўзгартирмаса сотишини айтади. Хон розилик билдиради ва боғни сотиб олади. Шундай қилиб «Нуруллабой» номи сақланиб қолади. Муҳаммад Раҳимхон II Нуруллабой боғи ичида ўғли Исфандиёрхон учун катта бир сарой ва ҳарам ( ҳарам-хос жой, номаҳрамлар киритилмайдиган жой, ички ҳовли) қурдиради.

Бу ички сарой 1896-1904 йилларда қурилган бўлиб, баланд девор билан ўраб олинган. Сарой тўртта қисмдан иборат бўлиб, юздан зиёд хоналар, долонхона, қаровулхона, отхона, мулозимлар турадиган хоналар ва ҳарамдан (бешинчи ҳовли) иборат бўлган. Саройга жануб томонда қурилган махсус дарвоза орқали кирилган. Дарвоза ичкарисида хон маҳкамаси, шахсий қўриқчилар учун хоналар, девонхона бунёд қилинган. Саройдаги Исфандиёр тўра учун мўлжаланган хоналарга Россиядан келтирилган чинни печкалар ўрнатилган. 

Феруз вафотидан сўнг тахтга чиққан Исфандиёрхон (1910-1918) ўзи учун янги услубдаги Нуруллабой саройини қурдириб, бу боғдаги қурилишларга нуқта қўяди. Янги қурилган қабулхона чет эллик (россиялик) меҳмонларни қабул қилиш мақсадида қурилган.

Бош вазир Ислом Хўжа Исфандиёрнинг қабулхона қуришига қарши чиқади. Чунки, почта-телеграф ва касалхона қурилиши кечикаётган, хазинада пул кам эди. Аммо, хоннинг қатъий фармонидан кейин шогирди Раҳимберган маҳрамни соҳибкор (қурилиш бошлиғи) қилиб тайинлайди. Қабулхона 1911–13 йилларда қурилган, медицина фанлари доктори, профессор А.А.Абдуллаевнинг «Хоразмда тиббиёт» асарида шундай жумла бор:- «Ислом Хўжа яна Москвага бориб, шаҳарнинг бошлиғи Н.И.Пучков қабулида бўлади. Москва шаҳрининг бошлиғи уни москвалик архитектор А.М.Ропа билан таништиради». А.М.Ропа бошчилигидаги архитекторлар Хивада бўлишиб касалхона, телеграф ва алоқа, элчиларни қабул қилиш учун меҳмонхона лойиҳасини маслаҳатлашиб кетишади. Тез орада лойиҳа тайёрланиб қурилиш бошлаб юборилади.

1911- 1913 йилларда қурилган бу қабулхона қурилиш учун алоҳида пишган ғиштлар тайёрланган. Ғиштнинг лойи шаҳар ёнидаги Аваз дунак қишлоғидан келтирилиб, махсус ишлангандан кейин 4 та хумбузда пиширилган. Ғишт пишириш ва териш (кладка)да усталаридан Бобожон хумбуз, Матёз бола, Хасан пирсиён, Қурёз Бобожон ва бошқалар ишлашган. Саройнинг томи юпка темир листлар билан соябон (уч бурчак) шаклида бостирилган. Сарой етти хонадан иборат бўлиб, эшик, дераза ва паркет полларини ок мачитлик немис усталари тузатишган (оқмачит Хивадан 15 км шарқда жойлашган қишлоқнинг номи ) Қабулхона хоналари ички безаклари билан бир биридан фарқ қилади. Девор ва шифтдаги ганч ўйма ишларини Рўзмат арбоб Машарипов, Нурмат уста, Худойберган Ҳожи, Қурёз Бобожонов ва бошқалар бажаришган.

Ганчдан нақш ўйилган деворларга Ваисёз Маткаримов бошчилигида мой бўёқлар билан ранг берилган. Шифтлардаги Европа усулида ясалган гуллар ва фаришталар расмини рус рассомлари ясашган. Мусулмон динида рухсат этилмаган бундай фаришталар расмини ясашга хоннинг вазири акбари, қайнотаси Ислом Хўжа рухсат этган. Ислом Хўжа замонасининг ўқимишли, илғор фикрли кишиси бўлган. Меҳмонхонанинг иккинчи хонаси зиёфат учун ажратилган бўлиб ўлчамлари 8 х 14 м, баландлиги 6 м, тўртинчи хонада хоннинг қабулхонаси жойлашган бўлиб, бу ерда ҳар хил шартномалар имзоланган. Саккиз бурчакли юмалок зал деб юритилган бу хонанинг ўлчамлари 10 м, баландлиги етти метрдир. Хон даврида бу хонанинг ҳар бурчагида биттадан 1,5 x 3 метрли кўзгу қўйилган.

Бу хонанинг шифти ёғочдан ишланган бўлиб, ниҳоятда усталик билан нафис геометрик шакллар ясалган ва олтин суви бериб ишланган. Шифтни безашда хивалик усталардан Бобожон Қаландар, Машарип Қаландар, Ваисёз Маткаримов ва бошқалар маҳорат кўрсатишган, шифтнинг пастидан деворларга ўрнатилган тўлқинсимон карнизлар Россиядан махсус қоғозларга ўралиб келтирилган. Олтинчи хона шифтини ўртасига ганч ўймакорлиги усталари томонидан мусулмонлар символи-ярим ой ва юлдузлар нақши туширилган, яна рус усталари бу хона шифтининг тўрт томонига биттадан фаришталар расмини мой бўёқлар билан ясашган. Бунинг натижасида бир хонанинг ўзида ҳам мусулмон, ҳам христиан динига мансуб белгилар пайдо бўлган. Меҳмонхонанинг еттинчи хонаси шифтига товус патининг гуллари чиройли қилиб ясалган ва ҳар хил рангдаги қимматбаҳо тошлар ўрнатилган. Деворларидаги ганч ўйма нақши жуда нафис қилиб ишланган ва бронза ранг билан бўялган. Хон саройини қиш кунларида қиздирилиши учун Россиядан еттита чинни (фаянс) печка келтирилган. Бу печкалар якка плиткалардан иборат бўлиб, уларни рус усталари қуриб берганлар. Печкалар саксовул билан қиздирилган.

Хива хонлигида яна бир янгилик, меҳмонхона учун электр қандилларининг келтирилиши билан қандиллар катта ва оғир бўлганлиги сабабли, сарой томида маҳсус ёғоч қурилмалар ишланган. Ана шу пирамидасимон қурилмаларга қандиллар осиб қўйилган. Қандиллардаги электр лампочкаларни ёқиш учун Хивага ўн олти от кучига эга бўлган кичкина двигитель келтирилган. Хивада биринчи марта электр лампочкасини Волга бўйидаги Сызань шаҳридан чақирилган Мусо Сабанович Янгиўразов ёққан. Қабулхона қурилиши учун хазинадан 70 минг тилло (126 минг сўм) харажат қилинган. Бинода инқилобдан кейин ҳукумат уйи, бошқарув органлари жойлашган.

Кейинги даврларда Маориф уйи ва музей биноси сифатида фойдаланилган, ҳозирги кунларимизда сарой қайта таъмирланиб, асл ҳолига келтирилган.


Манба: http://welcomeuzbekistan.uz/ru/dostoprimechatelnosti/dostoprim-horezm/811-dvorec-nurullabaya.html