Никоҳ - арабча сўз бўлиб, у аслида жинсий алоқа маъносини ифодаласа ҳам мажозан эркак ва аёлнинг бирга жуфт бўлиб яшашлари учун ўрталарида тузилган ақди никоҳ маъносини англатади. Маълумки, никоҳ ҳақиқий бўлиши учун эркак билан аёлнинг шу никоҳга рози бўлишлари, гувоҳларнинг иштирок этиши ва маҳр тайин қилиниши шартдир. Ислом дини таълимотига кўра турмуш қуришлик ихтиёрий бўлиб, шунга биноан ҳар бир эркак ва аёл никоҳ вақтида ўз розилигини билдириши шарт. Табиатан, бокира қизнинг ҳаёси никоҳга рози эканлигини сўз билан ифодалашига қўймаслиги боис, унинг сукут сақлаши ҳам розилик аломати ўрнида қабул қилинади. Аввал турмуш кўрган аёл эса, розилигини очиқ-ойдин айтиши шартдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): “Турмуш кўрган аёлнинг гапини олмай, бокира қизнинг розилигини сўрамай никоҳ қилинмайди, - дедилар. Саҳобалар: Ё, Расулаллоҳ! Розилиги қандай билинади?- деб сўрашганда: Сукут сақлаб туришидан,- деганлар”.
Ушбу ҳадис турмуш кўрган аёлнинг валийси ундан никоҳга розилиги учун аниқ жавоб олиши шарт эканлигини, бокира қизнинг эса, сукут сақлаши билан кифояланиши ҳам мумкинлигини таъкидламоқда. Ақди никоҳ вақтида аёлнинг валийси, яъни отаси, амакиси ёки тоғаси кабилар иштирок этишлари шартдир. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом:
“Валийсиз никоҳ бўлмайди. Қайси хотин валийсининг рухсатисиз никоҳланса, унинг никоҳи ботилдир, ботилдир, ботилдир”, - деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Дарҳақиқат, ушбу ҳадисда айтилган масала жуда ҳам муҳим бўлиб, хусусан, турмушидан ажралган аёллар бошқа эрга тегишдан олдин ота-онаси билан маслаҳатлашиб, уларнинг розиликларини олишлари лозим.
Ақди никоҳ вақтида камида иккита эркак ёки бир эркак ва икки аёл гувоҳнинг ҳозир бўлиши шарт. Зеро, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): “Валийсиз ва иккита адолатли гувоҳсиз никоҳ бўлмайди”, - деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Никоҳ вақтида гувоҳларнинг иштирок этишидан кўзланган мақсад, никоҳни кўпчиликка ошкор қилишдир. Аксинча, хуфёна тарзда, гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳақиқий ҳисобланмайди.