Наврўз байрамининг қачон вужудга келгани ҳақида бизгача етиб келган қадимий манбалардан шу нарса кўринадики, у Ўрта Осиё, Эрон ва Афғонистонда Аҳамонийлар даврида (милоддан аввалги VI асрларда) кенг тарқалган. Шу маънода Наврўзнинг тарихини 25-30 асрга эга деб тахмин қилиш мумкин.
Наврўз қачон, қандай вужудга келганидан қатъий назар, у ҳар томонлама илмий асосланиб, коинот ва табиат қонуниятлари ҳисобга олинган ҳолда жорий этилган. Чунончи, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кундузнинг узая бошлаши, ёруғликнинг кучайиши, табиатнинг жонланиши – Наврўз деб қабул олинган (Наврўз – «янги кун»деган маънони билдиради). Наврўз эски қуёш календари ҳисобида фарвордин ойининг бошланишига (ҳозирги 22 мартга) тўғри келган. Букун «кичик Наврўз» деб аталган ва бу кундан бошлаб табиатдаги ҳамма нарса амалга киради, деб ҳисобланган.
Беруний «Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар» номли китобида қимматли маълумотлар бериб, унда кичик байрам фарвордин ойининг олтинчи кунигача давом этганини таъкидлаган. Демак, фарвордин ойининг олтинчи куни «Катта Наврўз»нинг моҳиятини бевосита табиат билан боғлайди ва бу ҳақда шундай ёзади: «...У бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақгда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда насл вужудга келгунча давом этадиган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган». Бу фикрлар Наврўзнинг қадимдан табиат ва баҳор байрами бўлганини яна бир карра исботлайди. Бироқ, тарихда Наврўзнинг мазмунини турлича талқин қилиб, баъзилар уни таракқий эттиришга, бошқалар эса уни таъқиқлашга ҳаракат қилишди. Жумладан, грек-македон ва араб истилоси даврларида Наврўз таъқиқланиб, у подшо саройларида, амалдорлар ва дин аҳли давраларида расмий байрам ҳисобланмаган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Наврўз ўтмишдаги ҳар бир синфий жамиятда подшолар ҳукмдорлиги, диний идеология таъсирида шаклан ўзгариб турса-да, у ўзининг асосий моҳиятини сақлаб қолди. У ҳақиқий халқ байрами бўлиб, меҳнат аҳли орасида катта тантаналар билан нишонланган.
Бинобарин, қадимдан халқда байрамни ўтказишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бўлган.
Исломгача бўлган Наврўзда оддий халққа тегишли бўлган одатлар ҳам диққатга сазовордир. Байрам куни одамлар бир-бирига шакар ва ширинликлар ҳадя қилиш (ҳаётингиз ширин бўлсин деган маънода), бир-бирига cув сепиш (бу йил сув кўп бўлсин, ҳосил яхши бўлсин деган маънода) ва бошқа одатлар кенг тарқалган. Кейинги асрларда эса ҳовли-жойларни тозалаш, кўкат ва гуллар экиш, ота-она, ёру дўстларни зиёрат қилиш, марҳумларнинг қабрини зиёрат қилиш каби одатлар Наврўз байрамининг таркибий қисмига айланган.