Чор Минор

  • 17 Июнь, 2015
  •   0
  • 0
  • 17406

Чор Минор меъморий обидаси Халфа Ниёзқул томонидан бунёд этилган. Ушбу иншоотнинг қурилишига ҳомийлик қилган Халфа Ниёзқул туркман уруғидан бўлиб, Амир Ҳайдар ҳукмронлиги даврида йирик давлат лавозимларида ишлаган. У ХIХ асрнинг ўрталарида вафот этган.

Чор Минор Бухорода манғитлар сулоласи ҳукмронлиги даврида бунёд этилган бўлиб, унинг ўзига хос томони шундаки, у тўртта минора билан ўраб олинган Ўрта Осиёдаги ягона иншоот ҳисобланади.

Чор Минор меъморчилик мажмуаси сўнгги ўрта асрларнинг охирги даврларида (ХIХ асрда), 1807-йилда бунёд этилган. Меьморий обиданинг қурилишида ҳар хил ўлчамдаги хом ва пишган ғиштлар, лой, ёғоч, тош ва шунга ўхшаш маҳсулотлардан кенг фойдаланилган.

Мажмуа чор қаватли минора, аньанавий усулда қурилган масжид, бир қаватли мадраса, атрофи бир қаватли ҳужралар билан ўралган ҳовлидан иборат. Синчли пешайвон типидаги масжид ҳовлининг жанубий-ғарбий бурчагида жойлашган (номи ҳам шундан). Минораларнинг тепа қисми гумбаз шаклида якунланган бўлиб, улар сиркори кошинлар билан безатилган. Икки қаватли хонанинг биринчи қавати миёнсарой кўринишида бўлиб, изоралари тошлар билан қопланган, томи гумбазли, иккинчи қавати кутубхона, кутубхонанинг шифти пастак гумбазли бўлиб, содда муқарнаслар ҳалқаси билан тўлдирилган. Иккинчи қаватга минораларнинг биридаги зина орқали чиқилади.

У ўз даврида масжид, мадраса, дарвешлар ва мусофирлар тунаб қолиши мумкин бўлган хонақоҳ вазифасини бажарган. Чор Минор мажмуаси Шарқ меъморчилик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган, анъанавий “Чор” услубда бунёд этилган.

Меъморий обида бугунги кунда ҳам ўз давридаги вазифасини сақлаб қолган.

У Бухоро шаҳридаги бошқа меъморий обидалар қаторида ЮНЕСКО ташкилотининг “Бутун Жаҳон маданий ёдгорликлари” рўйхатига киритилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган 2000-йил 30-августда “Маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш” ҳамда 2008-йил 12-сентабр “Музейлар тўғрисида”ги қонунлари маданий мерос объектларининг ҳуқуқий кафолатидир. Юқоридаги қонунлар ижроси сифатида меьморий обиданинг таьмир талаб қисмлари қайта тикланди, ён-атрофлари кўкаламзорлаштирилди.


Манба: Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро Давлат инспекцияси