Баҳоуддин Нақшбандий мақбараси

  • 21 Апрель, 2015
  •   0
  • 0
  • 28498

Бухоронинг шимолий-ғарб томонида, шаҳардан 10 км ча узоқликда Баҳоуддин Нақшбандий маданий мерос объекти барпо этилган.

Баҳоуддин Нақшбандий маданий мерос объектини барпо этилишига Абдулазизхон ибн Убайдуллохон 1544 йилда асос солган. Абдулъазизхон буйруғи билан мозор тартибга солиниб, ансамбл шаклига келтирилган ва 1544-1545 йилларда комплекнинг энг катта биноси — хонақоҳ қурилган. Комплекснинг асосий қисмига дахмалар, мақбара, иккита масжид, сакхона, ҳовуз, қудуқ, минора, мадраса ва Абдуллахон хонақоҳи киради. Ҳозирги вақтга келиб унинг сафига баланд пештоқ — гумбазли янги дарвозахона, музей, чойхона сингари иморатлар қушилган.

Комплекс кичик гумбазли чортоқ дарвозахонадан бошланади. Дарвозахонадан ўтгач, ўнгда кичкина масжид, чап томонда зиёратчилар учун турли бинолар бўлганлиги маълум. Йўл давомида чапда хонлар мозори-Дахмаи шоҳон жойлашган.

Дахмаи шоҳон тўртбурчак, баландлиги 2,5 м, усти кул ранг мармар билан қопланган. Унда кўплаб мармар ўймакорлиги, хаттотлик санъатининг ажойиб намуналар мавжуд. Мармарларга токчалар, устунчалар, шарафлар, сарв суврати ва бошқа безаклар ўйилган; баъзида нақшлар ёзувлар билан аралаш ҳолда ҳам бажарилган.

Дахмаи шоҳондан ўтгач, йўлак нафис безатилган пештоққа олиб келади. Пештоқнинг эшигидан ўтгач, ўнгда гумбазли мақбара бор (унга ким дафн қилинганлиги маълум эмас). Чапда-кираверишда олти устунли, олди айвонли оддийгина Музаффархон масжиди жойлашган. Масжид ёнига икки устунли Хаким қушбеги масжиди тушган. Унинг жанубида нақшдор, шимолида нақшсиз айвонлар бор.

Баҳоуддин дахмаси мармар қопланган каттагина квадрат супа бўлиб, атрофи чиройли мармар панжара билан ўралган. Ундан сал нари, шимолда — томонлари 9,5 м келадиган айлана зинали мармар ҳовуз жойлашган. Дахма билан ҳовуз орасида қудуқ бўлиб, унинг ёнидаги чиройли шийпон — сакхона яратилган бўлиб, у ерда зиёратчиларга «муқаддас» сув улашилган.

Ҳаким қушбеги масжидининг шимолида минора, ундан нарида ички ҳовлидаги ҳовуздан уч марта катта бошқа бир ҳовуз жойлагшган. Ҳовлининг ташқарисида (шимолий-ғарбда) тўртбурчак супа устига қурилган эни 37 м, буйи 40 м ли хонақоҳ мавжуддир.

Марказида атрофи пештоқ равоқли айвонлар билан ўралган масжид, унинг тўрида чорзамин услубда ишланган қирма нақшли меҳроб бор. Иморатнинг ҳар икки томонида симметрик қурилган икки қаватли катта-кичик ҳужралар бўлган.

Баҳоуддин Нақшбандий комплексининг тузилиши ўша даврда барпо этилган бошқа қўш биноли симметрик ансамбллардан фарқ қилади.

2003 йилда ҳукуматимиз томонидан бу комплекс янада обод этилди. Бухоро шаҳридан то ушбу комплексгача бўлган йўл жаҳон андозасига мос қилиб қурилди. Зиёратгоҳда улкан мажмуа бунёд этилди. Комплекснинг жануб томонида улкан гумбазли дарвозахона тикланди. Қадимги дарвозалар-Хожа Диловар, Бобус салом асл ҳолига келтирилди. Баҳоуддин Нақшбандийнинг қабрларини шарқ ва жануб томонларида шимол тарафдаги қадимги айвонга уйғунлаштирилиб улкан ва чиройли айвонлар тикланди.

Бу айвонларнинг устунлари ниҳоятда гўзал, шифтга бажарилган безаклар ўзининг бадиийлиги ва миллийлиги, кўркамлиги билан кишини эътиборини тортади. Хонақоҳ, масжид ва мадраса бинолари бежирим таъмирланди. Баҳоуддин Нақшбандий ва у кишининг оналарини ёдгорликлари ягона архитектуравий мажмуага айлантирилди. Бошқача қилиб айтганда, Қасри Орифонда қадимги ноёб бино ва иншоотлар комплекси билан уйғунлашган замонавий чиройли архитектуравий комплекс барпо этилди.


Манба: https://uz.wikipedia.org/wiki/Bahouddin_majmuasi