Ҳаммом Абулғозихон (1603-1663) ҳукмронлиги даврида 1657 йилда қурилган, хон Карманага қилинган омадли юришидан кейин Хивага қайтиб келгач юртга катта тўй берди ва ҳалойиқ олдида ўз ўғлининг хизматларини қадрлаб, унга туғ, лашкар, байроқ ва ноғора ҳамда Ҳазораспни туҳфа этди.
Анушахон шарафига ҳаммом қурилиши ҳам Абулғозихон ўз ўғлига қилган марҳаматларидан биттаси бўлиб, умрининг охирида ҳали ўлмай туриб (60 ёшида) тахтни ўғли Анушага топширди, бу ишни Абулғозихондан бошқа Хоразмда хукмронлик қилган ҳукмдорлар қилишмаган. Шундан кейин хон узлатга чекиниб бир талай илмий асарлар битган.
Ҳаммом анча мураккаб тарҳ асосида қурилган, ҳаммомга Оқмасжид яқинидаги гумбазли кичик хонадан кирилади. Иссиқни яхши сақлаш учун ҳаммомнинг хоналари ер остида ишланган бўлиб, ташқаридан фақат гумбазлар кўриниб туради. Ҳаммомда даҳлиз, кийимхона, совунхона, исириқхона, иссиқ сув турадиган ҳовузча, гўлоҳ бор. Хоналарнинг ўзаро боғланиши қадимги ҳаммомлар тартибини такрорлаган. Ҳаммомнинг гўлоҳи олдида сув олинадиган қудуқ сақланиб қолган. Сув тарновлардан катта ёмга йиғилади, ўтхонанинг дудлари махсус йўллар орқали ҳаммом хоналари остидан ўтиб иситади ва дудбўрон орқали ташқарига чиқиб кетади. Иссиқ сувли ҳовуз атрофидаги тўртта хона девордаги туйнуклар орқали сув билан таъминланади. Чуқур хоналар саҳни шундай йўналишда жойлашганки, мағзавалар энг чуқурликдаги хона орқали махсус ўраларга оқиб тушади.
Бино ичкариси ғиштдан гумбазлар тепасидаги туйнук - дарчалар орқали ёритилган хоналарда безак йўқ, девор ва гумбаз сатҳи сувга чидамли қоришма - ҳажжа билан сувалган. Ҳажжа кўл бўйидаги шўрҳок тупроқдан махсус усуллар ёрдамида тайёрланади, у оқ ва қора ҳажжа номлари билан машҳур бўлиб, Хоразмдаги барча қадимги биноларнинг қурилишида ишлатилган, ҳозирги кунларимизгача қадимги сувоқлар ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Хоналар кичик бўлгани учун усталар оддий тузилишдаги гумбазларни қўллашган.
Биринчи эски ҳаммом Полвон дарвоза яқинида жойлашган ва жуда содда бўлиб, ер тагида қурилган фақат ювиниш хонасининг гумбази ер устига чиқиб турган. Бу ҳаммом шаҳар аҳолисига кўп йиллар хизмат қилган. Иккинчи ҳаммом Анушахон ҳаммомидир.
Ҳаммом ташқи кўринишидан ноёб меъморий обида бўлиб, қурилиши жиҳатидан Шарқдаги бошқа ҳаммомлардан тубдан фарқ қилади. Бинонинг бир қисми ер тагида, ювиниш хоналари ҳам ана шундай усулда жойлашган. Ташқаридан эса бинонинг гумбазсимон устки қисми кўриниб турибди. Йигирмага яқин хонаси бор, ҳаммомда бешта киши хизмат қилган. Иккита ҳаммомчи, гўлоҳ, иккита сув ташувчи мешкобчилар ишлаган. Ичкарида сартарошхона ҳам мижозларга хизмат қилган. Ҳаммомда ювиниш учун тартиб қатъий ўрнатилган пайшанба куни мартабали зотлар-хон ва унинг яқинлари, жума куни уламолар, дин арбоблари, бошқа кунлари эса шаҳар аҳолиси ва қишлоқлардан келган кишилар ювинганлар. Ҳаммом хонлик тасарруфида бўлиб, унга вақф ерлари ҳам ажратилган. Ҳаммомга аёллар, болалар, ғайридинлар ва тери касалликлари билан оғриган кишилар кириши ман қилинган.
Ҳаммомни қиздириш учун шаҳар ичкарисидаги турли чиқиндилар от, эшак тезакларидан, ҳовлилардан чиққан ортиқча чиқиндиларини ёқиб ишлатганлар. Бу эса шаҳар ичини, ҳавосини тоза сақлашга хизмат қилган. Хоналар пол тагидаги махсус қувурлар ёрдамида қиздирилган, иситиш хонаси бўлиб олдидаги қудуқдан эҳтиёт учун сув олиб ишлатилган. Марказий катта хона теварак-атрофдаги хоналарнинг барчаси бирор бир вазифани бажарган. Бирларида ювиниш, иссиқ буғдан тобланиш мумкин бўлса, бошқаларида тиббий уқалаш сеанслари ўтказилган.
Шарқда иссиқ буғдан бод, оёқ-бўғим хасталикларини даволашда фойдаланганлар. Уқалашнинг бир қатор усуллари бўлиб асаб, қон-томир, организмнинг турли қисмларидаги оғриқларга наф беришини табибларимиз яхши билишган. Бунга ором бериш эмас, табиблар даволаш воситаси деб қараганлар. Бу иш мунтазам тарзда бажариб келинган. Бундан ташқари ҳаммомда алоҳида хона бўлиб, у ерда тиш оғриғига даво қилиниб, тиш олинган, Хивада тиш даволаш ҳам ўтмиш асрлардан ривожланиб келган.
Қишлоқ жойларида тиш олишни темирчи усталар, сартарошлар бажарган. Анушахон ҳаммомида тиш даволаб, олишдан ташқари, хафақон хасталигига дучор беморлардан қон ҳам олинган. Хафақон («қон босими») дардига мубтало кишилардан ортиқча қон олиш орқали қон босими нормаллаштирилган. Бу усул шарқда қадимдан анъана бўлиб келган.
Анушахон ҳаммомида мижозлар танасини ювиш билан бирга ўз соғлиқларини ҳам тиклашган. Ҳаммомда мижозлар учун чойхона бўлиб ўзаро суҳбатлашиб, ҳордиқ чиқаришларига барча шароитлар яратилган. Худди шу чойхона вазифасини бажарган махсус хонада оддий чойдан ташқари, шифобахш ўсимликларнинг илдизи, барги, меваси ва гулидан дамланган чой ва бошқа доривор суюқликлар тайёрланган. Ҳаммомни айнан ўзида гиёҳлардан тайёрланган турли хасталикларга шифо дамламалар савдоси йўлга қўйилган. Анушахон ҳаммоми ўз даврида шаҳар аҳолисига беминнат хизмат қилган, уни ўз даврини ихтисослашган шифохонаси десак муболаға бўлмайди. Ҳаммом қайта таъмирланиб, бугунги кунгача шаҳар аҳолисига узлуксиз хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ҳаммомнинг ташқи ва ички кўриниши чет эллик сайёҳларда кун сайин қизиқиш уйғотиб келмокда.