Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида жойлашган Шайх Абулқосим эшон қурдирган мадраса ҳам XIX асрга оид. Абулқосимхон эшон 1892 йил Тошкентда тарқалган вабо туфайли вафот этгач, мадрасада унинг ўғли Ҳошимхон эшон мударрислик қилади. Абдулла Қодирий, Ғулом Зафарий, Мунаввар қори Абдурашидхонов шу мадрасада таълим олишган. Мустақиллик йилларида мадраса қайта таъмирланди.
Шунингдек, XIX асрнинг 30 йилларида Муҳаммад Алихон буйруғи билан бунёд этилган Азимота мадрасаси ҳам Чорсу яқинида бўлган. Тахтапул гузарида Юнусхўжа халфа мадрасаси, Қўштут гузарида Ҳофиз Кўҳакий мадрасаси, Себзор даҳасида Муҳаммад Каримхўжа мадрасаси қурилган. Ҳофиз Кўҳакий яқинидаги яна бир мадраса ёғочдан қурилгани учун “Мадрасаи чўбин” деб аталган. Унинг асосчиларидан Нор охунд Маллахон замонида вафот этгач, мадраса фаолияти тўхтаб қолади.