Абдулазиз-хон мадрасаси

  • 29 Июнь, 2015
  •   0
  • 0
  • 14626

Бухородаги меъморий ёдгорликлардан бири бўлган Абдулазизхон мадрасаси аштархонийларнинг бешинчи вакили Абдулазизхоннинг буйруғи билан меъмор Мимхоқон ибн Хўжа Муҳаммадамин томонидан 1652-йилда қурилган.

У ўрта асрларнинг сонгги босқичига мансуб бўлиб, Бухородаги Улуғбек мадрасаси қаршисида қурилган.
Унинг қурилишига ҳомийлик қилган Бухоро хони Абдулазизхон (1614-йил Балх – 1681-йил Макка) Нодир Муҳаммадхоннинг катта ўғли бўлган. 1626-йилдан Хутталон ҳокими, 1630-йилдан эса Балхнинг ғарбий туманлари ҳокими фазифасида фаолият юритган. 1645-йилдаги фитна натижасида Бухоро хонлиги тахтини эгаллаган. Абдулазизхон марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга ҳаракат қилган, мамлакат ободончилигига бирмунча ҳисса қўшган. Бухорода кўпгина муҳташам бинолар қурдирган (Абдулазизхон мадрасаси ва б.).

Мадраса тузилиши оддий ва ҳужралари икки ошёнли. Катта пештоқ нафис ва нодир кошинкори нақшлар билан зийнатланган. Исломий нақшлар қаторида афсонавий жониворлар тасвири ҳам берилган. Мадраса ҳужралари, айниқса, жанубий айвон пештоқи турли-туман нақшлар билан безатилган. Гумбаз шипининг ганчли муқарнаслари орасида ислимий нақшлар ва зарҳал безаги бор. Нақшлар, асосан, мовий ранг бўёқлар билан чизилган. Асосий ўлчами: атроф айланаси 50×67 м., ҳовли — 28×35 метр бўган. Мадраса XVII асрда Бухоро маҳобатли меъморчилигининг етук намунасидир.

Бугунги кунда мадраса ҳовлисида сайёҳлар учун миллий мусиқа ва фолклор томошалари кўрсатилади. Шимолий-шарқий бурчагидаги миёнсаройда Бухоро ёғоч ўймакорлиги намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилган.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан берилаётган эътиборга тўхталадиган бўлсак, 1997-йил Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Бухородаги барча меъморий иншоотлар қаторида Абдулазизхон мадрасаси ҳам қайта таъмирдан чиқди. ЮНEСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилди.


Манба: http://turizm.kasaba.uz/uz/sights_of_uzbekistan/sights_of_bukhara/127