Ойбек уй-музейи

  • 02 Декабрь, 2015
  •   1
  • 0
  • 22113

Тошкентнинг “Ишчилар шаҳарчаси” деб аталган даҳаларидан бирида илм-фан ва маданият аҳли учун, айниқса, табаррук даргоҳ бор. Бу даргоҳда 1940 йилдан 1968 йилга қадар, яъни ҳаётининг сўнгги дақиқаларига қадар буюк ўзбек адиби ва жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб, ижод қилган.

Ойбек барҳаёт чоғидаёқ эл-юрт ўртасида нафақат буюк адиб ва буюк инсон сифатида машҳур бўлгани учун, халқона ибора билан айтганда, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган тошкентликлар ҳам, пойтахтимизга яқин ва олис юртлардан келган адабиёт мухлислари ҳам шу хонадонга келиб, ўзбек адабиётининг бу порлоқ сиймосини зиёрат қилишни ўзлари учун фахр деб ҳисоблаганлар. Москва ва Киев, Тбилиси ва Боку, Алма-ота ва Ашхобод сингари шаҳарлардан келган атоқли ёзувчилар, таржимонлар ва адабиётшунос олимлар эса бу хонадонда Ойбек билан бўлиб ўтган суҳбатларни ҳаётларининг унутилмас дақиқалари сифатида ёд этиб яшаганлар.

Ойбек 1905 йил 10 январда Тошкент шаҳрининг Гавкуш маҳалласида дунёга келган. Бу маҳалла Ўзбекистон Миллий академик драма театрининг биноси ўрнида жойлаган эди. Бўлажак адиб тор ва илон изи янглиғ эгри-бугри маҳалладаги ғариб бир оилада туғилганлиги учун таълим ва тарбия техникумининг ётоқхонасида яшаб ўқиган. Оила қурганидан кейин эса Тошкентнинг 4 даҳасида, ижара уйларда умр кечирган. Ниҳоят, 1940 йили давлат фан ва маданият ходимларига ҳам ер тақсимлаб бера бошлаганида, унга-да 600 квадрат метрлиер насиб этган. Адибнинг рафиқаси Зарифахоним қурилишнинг ҳам “архитектур”и, ҳам “прораб”и, Ойбекнинг ўзи эса ҳам пул топувчи, ҳам эски, қинғир-қийшиқ михларга “янги ҳаёт” бағишловчи “чилангир” сифатида усталар билан бирга ишлаб, ўша йилнинг 30 декабрида янги уйга – ўз уйлари - ўлан тўшакларига бир амаллаб кириб олишган.

“Бу, бахтли кунларимизнинг бири эди, - деб эслаган Зарифахоним ўша “тарихий” кунни. – Уй ҳали битмаган, фақат икки хонанинг ганчи, шипи, саҳни тайёр эди. Бошқа хоналарни ҳолимизга қараб, қўлимизга пул тушганда, тахта олиб, фанер олиб, ярим йил давомида битириб олдик...”

Уй қад кўтарган машаққатли йилларда ҳали ҳамма иморатлар қурилиб, йўлу йўлаклар аниқ қиёфа касб этмаган эди. Шу туфайли кўча “Проектная” – “Лойиҳа” кўчаси деб аталган. Ҳозир шу кўчага “1-Ифтихор” номи берилган. Агар шу кўча бўйлаб уч-тўрт дақиқа юрсангиз, 26-уй келади. Катта дарвозанинг сўл тарафидаги деворга буюк ўзбек адиби Ойбекнинг 1940-1968 йилларда шу уйда истиқомат қилганлиги ҳақида лавҳа осилган.

Ойбек... ХХ асрнинг 50 - 60-йилларига қадар Эски шаҳардаги бир-бири билан туташиб кетган уйларнинг лойсувоқ томлари баҳор ойларида лолақизғалдоқлар билан бурканган, ҳаво беҳад даражада тоза бўлганлиги сабабли ой ва юлдузлар ҳаддан зиёд яқин кўринар эди. Шундай нашъали кунларда ёш келинлар ҳам гўдакларини кўтариб, лолазор томларда Ой ва юлдузларга маҳлиё бўлардилар. Оймомага, айниқса, ишқивоз бўлган Мусо қўлини кўкка чўзиб: “Ойи, ойни олиб бер!” деб ялинар эди онасига... Ана шу болалик хотирасини унутмаган Ойбек илк шеърларини ёза бошлаганида ўзига “Ойбек” деган тахаллусни олади. Ҳозир қанчадан-қанча гўзал шеърлар, қисса ва романлар, мақола ва илмий асарлар тепасидан ана шу мунаввар тахаллус бамисоли Ой сингари нур сочиб-таратиб туради...

Ойбек уй-музейи адиб туғилган куннинг 75 йиллиги муносабати билан 1980 йилда барпо этилган. Музей икки қисмдан иборат бўлиб, 1940-1941 йилларда қурилган 5 хонали бинодан адибнинг ҳаёт ва ижод йўлини акс эттирувчи экспозиция ўрин олган. Ҳовлининг шимолий тарафидаги бинода эса мемориал хоналар: меҳмонхона, ижодхона (биринчи қаватда), болалар хонаси ва ётоқхона (иккинчи қаватда) жойлашган. Иккинчи қаватга даҳлиздаги ёғоч зиналар оша, деворлардаги А.Циглинцев ишлаган гравюраларни томоша қилиб, чиқилади.

Ташрифчилар катта дарвозадан ўтиб, ичкарига кирганларидан сўнг, сўл томондаги бир замонлар терраса (айвон) бўлиб хизмат қилган хонада Ойбек уй-музейининг экспозицияси билан таниша бошлайдилар. 5 хонадан иборат бу қисмга кираверишда, ўнг томонда мўъжазгина бир хона бор. Унда адибнинг рафиқаси, биринчи ўзбек рассом қизи ва биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносирова ва унинг отаси – машҳур маърифатпарвар ва тадбиркор Саидносир Миржалиловга оид экспонатлар: расмлар, ҳужжатлар, буюмлар, картиналар намойиш этилган. Хонанинг бир чеккасида – мольберт. У Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоевдан ёдгорлик. Зарифахоним у билан бирга буюк рус рассоми Илья Репиннинг шогирди Н.Н.Розанов студиясида тасвирий санъат “сир”ларини ўрганган. Шу хона деворларидаги мойбўёқ билан ишланган табиат манзараларини Зарифахоним умрининг сўнгги йилларида ишлаган.

Бу хонадан чиққанингиздан кейин, назаримда, Зарифахоним, сизни Ойбекнинг болалик ва ёшлик даври билан таништирувчи хонага бошлагандек бўлади. Мана, ХХ аср бошларидаги Тошкент кўриниши, адибнинг ўша даврга оид суратлари, у таҳсил олган билим юртининг домла ва талабалари, илк шеърларининг қўлёзма ва босма нусхалари; Ойбек ижодининг шаклланишига таъсир кўрсатган шоирлар ва уларнинг китоблари. Хона деразасидаги витраждан эса Ойбекнинг севдиги Ой Тошкент осмонидан мўралаб туради.

Иккинчи хона сизни Ойбекнинг 30 – 40-йиллардаги ҳаёти ва ижоди билан ошно этади. У шу йилларда Навоий ва Пушкин ижод булоқларидан ҳовучлаб сув ичди. Навоийга бағишлаб шеър ва илмий мақолалар ёзди, Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини биринчи бўлиб Ўрта Осиё халқларидан бирининг тилига таржима қилди. 1937 йилнинг даҳшатли бўрони гурлаганда, у Чўлпоннинг “дум”и, Туркистон Мухторият ҳукуматининг хазиначиси С.Миржалиловнинг куёви сифатида қораланиб, Ёзувчилар уюшмасидан ҳам, Тил ва адабиёт институтидан ҳам ҳайдалди. Шундай хатарли замонда, оиласи билан гоҳо-гоҳо бир бурда нонга зор бўлиб яшаганига қарамай, “Қутлуғ қон” романини яратди. Абдулла Қодирий ва Чўлпон романлари қатағон қилинган замонларда “Қутлуғ қон” ёш ўзбек ёзувчиларини роман жанрида ижод қилишларига илҳом бериб, даъват этиб, йўл кўрсатиб турди. Хона ўртасидаги тўрт қиррали витринадан кулиб турган турли тиллардаги китоблар “Қутлуғ қон”нинг жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири бўлганидан шаҳодат беради.

Девордаги расмлардан биридан ўзбек снайпери сизга қараб туради. Бу рангли расмни жангчи рассом ишлаган. Ойбек 1942 йил охири – 1943 йил бошларида Москва бўсағаларида жон олиб, жон бераётган ўзбек жангчилари ҳузурига борганида, уни 96 нафар немисни ер тишлатган азамат ўзбек йигити совға қилган. Снайперлик милтиғига “100” рақамини ёзишга улгурмай ҳалок бўлган бу жангчи адибнинг “Қуёш қораймас” романидаги Бектемир образини яратишига туртки берган. Оиласини хавотирга солиб, фронт сўқмоқларида бехат-бенишон тўрт қолиб кетган адиб 1943 йил мартининг сўнгги кунларида ярим кечаси озиб-тўзиб келганида, “Бемаҳалда болаларимни уйғотиб, безовта қилиб қўймай”, деб шу сурат ёнидаги деразани аста чертган...

“Фронт бўйлаб”, “Оловли йўллар” китоблари билан бирга лях тилида ёзилган мана бу шеърлар китоби чехословакиялик шоир Ондра Лисагорскийнинг урушдан кейин Ойбекка миннатдорлик стуйғуларини изғор қилиб юборган совғаси. Уруш йилларида ўзбек юртидан паноҳ топган Анна Ахматова, Алексей Толстой, Александ Дейч, Соломон Михоэльс, Владимир Луговской сингари ўнлаб рус ёзувчилари ва санъаткорлари қатори, у ҳам Ойбекнинг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлган. Ойбек шу йилларда уларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва уларга бир пиёла чой бериш билан кифояланиб қолмай, Дейч билан бирга Навоий тўғрисида рус тилида китоб ёзди, Михоэльс билан бирга “Маҳмуд Торобий” операсини яратди. Бу операга украин композитори Олесь Чишко музика басталади. Ана шу ижодий ҳамкорлик мевалари ҳам шу хонада ўз бўйини таратиб турибди.

Учинчи залдаги экспозиция марказида Навоий мавзуи туради. Ойбекнинг улуғ шоир ҳақидаги ўлмас асари гарчанд уруш йилларида ёзиб тугалланган бўлса-да, унинг халқаро эътибор ва шуҳрат қозониши урушдан кейинги даврга оид. Нуфузди давлат мукофотигга сазовор бўлган бу асар турли хорижий тилларга таржима қилиниб, жаҳон халқларининг улуғ ўзбек ёзувчиси билан яқиндан танишишларида муҳим аҳамиятга молик бўлди. Шу хонага кирган ташрифчи “Навоий” романининг тиканли симлар ортида турган йиртилган-ямалган бир нусхасига эътибор бермай қолмайди. Бу, собиқ ўзбек ҳарбий асирларининг Ойбек уй-музейига совғаси. Совет давлати раҳбарларининг қўпол хатоси билан заифлаштирилган қизил армия урушнинг дастлабки йилларида кўплаб шаҳарлар билан бирга бутун бошли дивизияларни ҳам душманга бой берган. Уруш тугаши билан кечаги асирлар энди советлар томонидан қамоққа олиниб, “Ватан хоинлари” деб эълон қилинган. Урушнинг сўнгги кунларида “Навоий” романини ўқиб, уни кўзи суртган собиқ асирлардан бири уни ўзи билан бирга лагерма-лагер олиб юрган, назоратчилар китобни отиб-улоқтириб ташлаганларига қарамай, уни дўстлари билан бирга кўз қорачиғидек сақлаган. Ҳаётбахш ғоялар билан суғорилган, ҳар бир лавҳасидан ўзбек диёри шабадалари эсиб турган бу роман уларга руҳий мадад ва куч берган.

Экспозиция билан яқиндан танишган ҳар бир ташрифчи шундай хулосага келади. Адибнинг болалик дўстларидан бири ёзувчи Миркарим Осим Ойбекнинг шу машаққатли йилларда “ёзган” асарларидан бири – “Улуғ йўл” романи тўғрисида сўзлаб: “Бу асар яқин келиб қолган ажал оғзидан юлиб олинган ўлжа эди”, деб бежиз ёзмаган.

Мана, ниҳоят, “Ойбек абадияти” деб аталган тўртинчи зал. Бу ерда адибнинг ўзбек ва рус тилларидаги кўп жилдлик нашрлари, шунингдек, айрим асарларининг сўнгги йилларда хорижда нашр қилинган нусхалари намойиш қилинган. Бундан ташқари, адибнинг тасвири туширилган, гўзал мисралари битилган сопол ва чинни идишлар, мисдан ишланган буюмлар... Ойбекка бағишланган бадиий, илмий ва илмий-оммабоп асарлар...


Манба: Oybek uy-muzeyi